Жаҳон | 08:29 / 05.08.2024
2057
4 дақиқада ўқилади

Ҳаррис: Трамп дебатлар ўзи учун хавфсиз жойда ўтишини хоҳлаяпти

Камала Ҳаррис Трампнинг Fox News телеканалида дебатлар ўтказиш таклифини рад этди, чунки унинг рақиби келишувлардан воз кечяпти.

Фото: Shutterstock / Below the Sky

Доналд Трампнинг 4 сентябр куни Fox News телеканалида дебат ўтказиш таклифи унинг рақиби, АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррисга кўра, республикачи учун «хавфсиз жойда» муҳокама ташкил этишга уринишдир. Оқ уй собиқ раҳбари аввалроқ учрашувнинг бутунлай бошқа сана ва жойига рози бўлган эди, деб таъкидлади президентликка демократ номзод 3 август куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

«Қандай қилиб «исталган вақт, исталган жой» ибораси «маълум бир вақтда, маълум бир хавфсиз жойда» баёнотига айланиб қолгани қизиқ», - деди Ҳаррис Fox News телеканалида дебат ўтказишни таклиф қилган Трампга.

Аввалроқ АҚШ собиқ президенти Камала Ҳаррис билан дебати 4 сентябр куни консерватив телеканал кўмагида ўтказилишини айтганди. Бироқ, Ҳарриснинг жамоаси тадбирга розилигини тасдиқламади.

Трамп Ҳаррис билан дебатлар санаси ва жойини ўзгартирди

Ҳаррис ўз твитида таъкидлаганидек, Трамп аввалроқ дебатлар учун мутлақо бошқа жой ва вақтга рози бўлган эди - улар 10 сентябр куни ABC телеканалида бўлиб ўтиши керак эди. Бу борадаги келишувга Трампнинг рақиби АҚШ амалдаги президенти Жо Байден бўлганида эришилган.

Шу билан бирга, Трамп Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиши оғзаки баҳс ўтказиладиган жой ўзгартирилишига сабаб бўлганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ABC'даги дебатлар «Байден энди иштирок этмаётгани сабабли бекор қилинган» - аммо телеканал ҳам, Ҳаррис штаби ҳам бундай баёнотлар бермаган.

Трамп, шунингдек, ABC телеканалидаги дебатда иштирок этишдан бош тортишига аввалроқ телеканал раҳбарияти унга қарши судга мурожаат қилгани сабаб бўлганини айтди. Бироқ, у нима учун бу ҳолатда, Байден унинг рақиби бўлганида, дастлаб тадбирга рози бўлганини тушунтирмади.

Ҳарриснинг сўзларига кўра, у аввалроқ Трамп рози бўлганидек, 10 сентябр куни ABC телеканалида бўлишни ният қилган. «Мен уни у ерда кўришга умид қиламан», деб хулоса қилди демократлар номзоди.

Ҳаррис номзодликни қўлга киритиш учун етарли овоз тўплади

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия делегатлари ўртасида онлайн овоз бериш жараёнида шу йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида партия номзоди сифатида расман кўрсатилиши учун етарлича қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда 2 август куни кечқурун Демократлар миллий қўмитаси раиси Жейми Харрисон маълум қилди.

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден бу воқеалар ривожини олқишлади. «Мен қабул қилган энг яхши қарорлардан бири Камала Ҳаррисни вице-президент этиб танлаганим бўлди. У энди бизнинг партиямиз номзоди бўлади ва мен бундан фахрланаман», деб ёзди у Facebook’да.

Демократик партия қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади. Бироқ, Камала Ҳаррис номзоди олдиндан расман тасдиқлангани туфайли у ерда овоз бериш шунчаки расмиятчилик бўлади. 

CNN таъкидлаганидек, 59 ёшли Ҳаррис президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод сифатида қатнашадиган биринчи қора танли аёл ва келиб чиқиши осиёлик бўлган биринчи америкалик бўлади.

Мавзуга оид