Иқтисодиёт | 19:33 / 05.08.2024
3174
2 дақиқада ўқилади

Июн ойида Россиядан Ўзбекистонга товарлар импорти 5 фоизга камайди

Марказий Банк буни санкциялар ва тўловлар мураккаблашгани билан изоҳлади.

Фото: Ведомости

2024 йил июн ойида Ўзбекистонга Россия товарлари импорти деярли 5 фоизга камайди. Ўзбекистон Марказий Банки таҳлилчилари томонидан тайёрланган ҳисоботга (.pdf) кўра, бунга санкциялар, шунингдек, тўловларнинг мураккаблашиши сабаб бўлган.

Таъкидланишича, салбий динамика асосан Россияга қарши жорий қилинган савдо санкциялари билан боғлиқ. Ташқи савдо операциялари бўйича ҳисоб-китоб тизимининг мураккаблашуви ҳам муҳим рол ўйнаган.

Ўзбекистон Марказий Банки, ўз навбатида, июн ойида Россияга товарлар экспорти, аксинча, 32,3 фоизга ошгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, сабзавот ва мева етказиб бериш 11 фоизга ошди. Гарчи тўқимачилик маҳсулотларини сотишда 6 фоизга пасайиш кузатилган бўлса-да, бу Россияга экспорт ҳажмининг ярмини ташкил этади. Таҳлилчилар кўрсаткичнинг пасайишини жаҳон бозорида пахта таннархининг пасайиши натижасида юзага келган нарх эффекти билан изоҳламоқда.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Россия республиканинг асосий савдо ҳамкорлари қаторида қолмоқда. 2024 йил январ-июл ойларида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ўсиб, 5,75 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг 4 миллиард доллари Россия товарлари ва хизматлари импортига тўғри келади.

Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажми бўйича Россия Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид