Жаҳон | 11:46 / 07.08.2024
3104
3 дақиқада ўқилади

Курск вилоятига дронлар ҳужумидан жабрланганлар сони 28 кишига етди

Россия Мудофаа вазирлиги Россиянинг тўртта ҳудудида 11 та дрон зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берди.

Россия Федерациясининг Курск вилоятига йирик ҳужумлар натижасида жабрланганлар сони 28 нафарга етди.

Бу ҳақда журналистларга Курск вилоят кўп тармоқли клиник шифохонаси бош шифокорининг жарроҳлик ишлари бўйича ўринбосари, вилоят бош жарроҳи Андрей Локтионов маълум қилди. 

«Тезкор маълумотларга кўра, шу соатга келиб, асосан, Суджанский ва Кореневский туманларида истиқомат қилувчи 28 нафарга яқин тинч аҳоли вакиллари жароҳатланган. Уларнинг аксарияти кўп тармоқли Курск клиник шифохонасига мурожаат қилди, у ерда уларга зарур диагностика ва терапевтик ёрдам кўрсатилди, мутахассислар билан маслаҳатлашилди ва операциялар ўтказилди. Афсуски, жабрланганлар орасида ярадорларга бевосита ёрдам кўрсатган тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам бор», — деди у. 

Локтионовнинг сўзларига кўра, ҳужумда жабрланганлар асосан қўшма мина-портлаш жароҳатлари, қўшма жароҳатлар, куйиш жароҳатлари, шунингдек, шрапнел жароҳатларига эга. «Айни пайтда туман шифохоналарида ҳам, вилоят кўп тармоқли шифохонасида ҳам жой етарли», – дея қўшимча қилди у.

Бир кун аввал Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов «Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши натижасида Суджада яшовчи аёл ҳалок бўлган»и ҳақида хабар берган эди.

«Беш киши, жумладан, уч нафар бола жароҳат олди. Глушковский туманида дрон автомобилга ҳужум қилди, натижада икки маҳаллий аҳоли жароҳат олди. Рилский тумани Нехаевка қишлоғи яқинида микроавтобусга ҳам зарба қайд этилди, транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳалок бўлди», — деб ёзди Смирнов Телеграм-каналида. 

7 август, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги ўтган тунда Россия ҳудудлари узра 11 та УУА йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

«Ўтган тунда Киев режими Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида террорчилик ҳужуми уюштиришга уринганида, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Белгород вилоятида учта самолёт типидаги учувчисиз учоқларни тутиб, йўқ қилди, тўрттаси Курск вилоятида, иккитаси Воронеж вилоятида ва иккитаси Ростов вилоятида уриб туширилди», — дейилади Телеграм-каналда.

Мавзуга оид