Жаҳон | 21:29 / 07.08.2024
29407
12 дақиқада ўқилади

Украинларнинг Курск областига ҳужуми: нималар бўлмоқда?

Украина қўшини Курск областига кирган ва чегара ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олган. Жанглар вақтида русларнинг ҳарбий техникалари, шунингдек камида битта Ка-52 вертолёти уриб туширилган, ўнлаб ҳарбийлар асир олинган. Z-каналлар ҳужумни тўхтатиш ва украин бўлинмаларини сиқиб чиқаришнинг уддасидан чиқилмаганини айтишмоқда.

Суджа, 2024 йил 6 август
Фотосурат маҳаллий аҳоли вакили томонидан олинган ва ижтимоий тармоққа жойлаштирилган

6 августга ўтар кечаси Курск областига кириб келган украин қўшини чегарадош ҳудудларда мустаҳкам жойлашиб олган. РФ мудофаа вазирлигига яқин деб ҳисобланувчи Rybar телеграм-канали 7 августга ўтар кечаси берган маълумотга кўра, Украина қуролли кучлари бўлинмалари Курск областининг Суджансий районидаги Николаево-Дарино, Свердликово ва Дарино қишлоқларини ишғол этган (Украина чегарасидан энг узоқдагиси бўлган Дарино — тўрт километр масофада жойлашган). Шунингдек, Украина қўшини Рилск — Суджа трассасини назорат остига олишга ҳаракат қилмоқда. Ҳарбий мавзуга ихтисослашган телеграм-каналнинг ёзишича, украин ҳарбийлари Суджанинг ғарбий чеккаси саналган — Гончаровка (чегарадан саккиз километр ичкарида) йўналишида ҳаракатланмоқда, бу ҳудудда шиддатли жанглар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, чегара яқинидаги Олешня хутори ҳам ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланган.

Бошқа бир ҳарбий канал, РФ мудофаа вазирлигини тез-тез танқид қилиб турадиган «Два майора» муаллифи эса 7 август тонгида украиналик ҳарбийлар Дарино, Свердликово, Гоголевка, Гончаровка аҳоли яшаш манзилларини эгаллаб тургани, Олешняда эса Украина қуролли кучлари россияликларнинг таянч пунктларини назоратига олганини маълум қилди. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари Суджа-Белица трассасини масофадан туриб миналаштирмоқда. «Два майора» украин кучларини «эгалланган ҳудудларидан сиқиб чиқаришнинг имкони бўлмагани», Суджа шаҳри «амалда тўлиқ эвакуация қилингани» ҳақида ёзган. Канал маълумотига кўра, 7 августга ўтар кечаси россияликларнинг ҳарбий самолётлари ва дронлари Суджа шаҳри атрофида украинларнинг колонналарига зарбалар берган. Шунингдек, канал «очиқ маълумотларга кўра», Курск областида фронт кенглиги 10-11 километрни ташкил этаётганини хабар қилган. Украина қуролли кучлари тор фронтда Суджадан ғарбда 10 километрга олға силжиган.

Турли манбаларга кўра, Курск областига Украина қуролли кучларининг бир ёки икки баталёни кирган. Rybar маълумотига кўра, регион ҳудудига жами 400 га яқин украин ҳарбийси кирган, яна икки мингга яқин ҳарбий чегара бўйлаб жойлаштирилган. Ҳарбий мавзудаги «Архангел спецназа Z» телеграм-канали тасдиқлашича, 7 августга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари иккита баталённи (яъни 800 киши) жангга ташлаган ва улар Суджа томон ҳаракатланишни бошлаган.

Украина ҳам, Россия ҳам қатор техникаларидан айрилган. Украинадаги телеграм-каналлар россияликларнинг украинлар ҳужуми вақтида йўқ қилинган иккита танки ва Ка-52 вертолёти акс этган кадрларни намойиш этган. Уриб туширилган вертолёт фотоси урушларни кузатиш билан шуғулланувчи Monitor паблиги томонидан эълон қилинган. Ўз навбатида, Украина мудофаа вазирлигига алоқадор бўлган DeepState OSINT-проекти Суджага киришда йўқ қилинган иккита танк суратини тарқатган.

Россия ҳарбий техникалари йўқ қилингани акс этган кадрлар

«Агентство» нашри ёзишича, ҳарбий экспертлар томонидан геолокацияси аниқланган, зарбага учраган ҳарбий техникалар кадрларига кўра, Украина бир неча зирҳли машина ва камида битта зенит-ракета комплексидан айрилган.

Бундан ташқари, DeepState хабарига кўра, эълон қилинган кадрларга кўра, украиналик ҳарбийлар чегарадаги Горнал қишлоғида Авлиё Николай Белогорский монастири ҳудудида турган россиялик пиёдалар устига аниқ зарба берган. Россиядаги телеграм-каналларда монастирнинг деворида снаряд келиб тушиши излари қолган биноси фотосурати тарқалган.

Курск области Суджанский районидаги Авлиё Николаев Белогорский эркаклар монастири
«Суджа родная» Telegram-канали

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда россияликларнинг йўл устидан учиб ўтган иккита самолёти ва қуруқликда ёнаётган юк машинаси акс этган видеоёзув кенг тарқалди. DeepState маълумотига кўра, бу видео Суджанинг шарқий чеккасида олинган.

Авлиё Николаев Белогорский монастири
ТРК Сейм

Россиялик ўнлаб ҳарбийлар асир олинган. 6 ва 7 август кунлари телеграм-каналларда Украина қуролли кучлари Курск областидаги жанглар чоғида асир олган россиялик ҳарбийларнинг сўроқ қилиниши видеоёзувини тарқатди, улардан камида икки нафари муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлардир. Шунингдек, ўнлаб ҳарбий асирлар украин ҳарбийлари кузатуви остида олиб кетилаётгани акс этган турли видеолар тарқалмоқда.

Курск области раҳбарияти региондаги жанглар тўғрисида янги маълумотларни эълон қилмаяпти. Курск области губернатори Алексей Смирнов 7 август тонгида регион «украин нацистларининг ҳужумларига қаҳрамонларча қарши тургани», барча фавқулодда хизматлар кучайтирилган иш режимига ўтказилгани ҳақида айтган. Смирнов тинч аҳоли вакилларини маҳаллий шифохоналардаги донорлик қон захираларини тўлдиришга чақирган.

РФ мудофаа вазирлиги 6 август куни тонгда россиялик чегарачиларнинг Курск областининг Николаево-Дарьино ва Олешня районларидаги позицияларига Украина қуролли кучларининг 300 чоғли ҳарбий хизматчиси 11 танк ва 20 дан ортиқ зирҳланган машиналар кўмагида ҳужум уюштиргани ҳақида хабар қилганди. Вазирлик жанглар давомида РФ ҳарбийлари украинларнинг 16 дона зирҳли техникасини йўқ қилганини маълум қилган. РФ мудофаа вазирлиги 6 август куни кечқурун украинларнинг Курск областига ёриб кирмоқчи бўлган отряди чекингани ҳақида хабар қилди. Бу вақтда губернатор Смирнов чегара ҳудудлардаги вазият «кескинлигича қолаётгани», жойларда «РФ мудофаа вазирлиги ва чегарачилар» ишлаётгани ҳақида айтди. Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги хабаридан украин кучлари чекингани ҳақидаги гап олиб ташланди.

РФ мудофаа вазирлиги 7 август куни кундузи ўтган тунда россиялик ҳарбийлар ФХХ билан биргаликда «Курск областининг Россия-Украина чегарасига яқин бўлган районларида Украина қуролли кучлари тузилмаларини йўқ қилишни давом эттиргани»ни маълум қилди. «Курск йўналишида авиация зарбалари, ракета қўшинлари, артиллерия ўқлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш қўшинлар гуруҳи бўлинмаларининг фаол ҳаракатлари билан душман РФ ҳудуди ичкарисига ҳаракатланишига йўл қўйилмади», — дейилган вазирликда. Мудофаа вазирлиги Суми областида Украина қуролли кучларининг захира кучларига зарба берилгани, украин армияси «260 нафар жангари ва 50 та зирҳли техникаси», шунингдек иккита ўзиюрар «Бук М1» зенит-ракета комплекси ўт очиш қурилмасидан айрилганини таъкидлаган. Бу маълумотни мустақил манбадан тасдиқлашнинг имкони йўқ. Вазирлик «Украина қуролли кучлари тузилмаларини йўқ қилиш бўйича амалиёт давом эттирилаётгани»ни қўшимча қилган.

Курск области ўққа тутилиши давом этмоқда. 7 августга ўтар кечаси украин дронлари Суджа ҳудудига икки бор зарба берди, деган регион раҳбари Алексей Смирнов. Биринчи ҳолатда пилотсиз учар қурилма Белая слободаси томондаги йўлга портловчи қурилма ташлаган, натижада икки бола яраланган. Иккинчи зарба Суджа атрофидаги тез ёрдам машинасига тўғри келган, ҳайдовчи ва фелдшер ҳалок бўлган, шифокор яраланган. Шунингдек, Смирновнинг сўзларига кўра, тун давомида Курск областида украинларнинг тўртта ракетаси ва учта дрони уриб туширилган. Курскдаги телеграм-каналлар Курчатов шаҳрида портлаш овозлари эшитилаётгани акс этган видеони намойиш этган. РФ мудофаа вазирлиги 7 август тонгида берган хабарда тунда Курск области узра тўртта дрон уриб туширилгани айтилганди.

Курск областида барча оммавий тадбирлар бекор қилинган, ўққа тутилаётган ҳудудлардан маҳаллий аҳоли олиб чиқилиши ташкиллаштирилган, ҳудуд раҳбари 7 август куни телеграм-каналида эълон қилган видеомурожаатда бир неча минг киши хавфсиз жойларга кўчирилгани маълум қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областига ҳужуми давомида тинч аҳоли вакилларидан камида 28 киши яраланган. 6 август куни чегарадош ҳудудлар ўққа тутилиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

РФ Тергов қўмитаси Украина қуролли кучларининг Курск областига ҳужуми юзасидан теракт, қотиллик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳаётига тажовуз қилиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган. «Бу жиноий ҳаракатлар натижасида ўнлаб фуқаролар, жумладан болалар, шунингдек ҳарбий хизматчилар жабрланди», — дейилади қўмитанинг 7 август кунги баёнотида.

Украина ҚК бош штаби ва Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси ҳозирча бу борада изоҳ бермади.

РФ президенти Владимир Путин Украина қуролли кучларининг Курск областига ёриб ўтишини «кенг кўламли провокация» деб атаган. У ҳукумат аъзолари иштирокидаги мажлисда шундай баёнот берган. «Киев режими навбатдаги кенг кўламли провокацияни амалга оширди: турли қуроллардан, жумладан ракеталар билан фуқаролик бинолари, турар жойлар, тез ёрдам машиналарига қарата танламай ўт очмоқда», — деган Путин. У кучишлатар тузилмалар, мудофаа вазирлиги ҳамда ФХХ раҳбарлари билан ҳам алоҳида учрашув ўтказмоқчи. «Курск области губернатори вазифасини бажарувчи билан гаплашганимдан кейин қатор идораларга област аҳолисига зарур ёрдамлар кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берилди», — дея қўшимча қилган Путин.

«Медуза» «Разбор» бўлими шарҳи

Украина қуролли кучларининг юриши 2023 йилда Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси отрядлари Белгород областига уюштирган рейдларга ўхшамайди. Бу сафар 2023 йилдаги ўнлаб зирҳли техникалар билан кучайтирилган енгил қуролланган пиёдаларнинг бир неча роталари ўрнига Россия ҳудудида катта эҳтимол билан 22-механизациялашган бригада баталёнларининг кўплаб миқдордаги зирҳли техникаларига эга бўлган тўлақонли механизациялашган роталар ҳаракатланмоқда.

Часив Яр ҳудудидаги жангларда қатнашиб келган бу бригада 2024 йил июнида қайта тўлдириш учун фронтдан қайтарилганди. Ёзда ушбу бригаданинг фейсбукдаги саҳифасида Суми ва Курск областлари чегарасида РФ қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган «Суджа» чегара-назорат ўтказиш пунктида олинган видео пайдо бўлди. Бироқ, юришда мазкур бригадага тегишли бўлмаган бошқа бўлинмалар, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг йирик гуруҳи ҳам қатнашмоқда. Бундан ташқари, видеога аввал бошқа бригадалар таркибида бўлган техникалар тушиб қолан — хусусан, Stryker БТР базасида ясалган муҳандислик машинаси. Шу вақтга қадар Stryker фақат Украина қуролли кучларининг 82-десант-штурм бригадаси томонидан жангларда қўлланган.

Келиб тушаётган кам сонли видеодалилларга қараганда, Украина қуролли кучлари асосий зарбани Суджа шаҳридан ғарбдаги ҳудуд бўйлаб бермоқда. Бир кун ичида улар Рилск — Суджа йўлини кесиб ўтишга ва янада ичкарига юришга — чегарадан 10 километр масофадаги Леонидовога етиб боришга муваффақ бўлишган. Украина қўшини Суджа шаҳрининг ўзига ғарб ва жанубдан қанчалик яқинлашиб келгани охиригача аниқ эмас. Хусусан, улар Рилскдан келувчи трассада шаҳарга энг яқин жойлашган Свердликово қишлоғини эгаллаб олгани бўйича ишончли маълумот йўқ.

Украин баталёнларига биринчи кунда чегарани қўриқлаш учун жойлаштирилган кам сонли кучларгина қаршилик қилди — чегарачилар ва 2023 йилда асосан муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлардан чегарани қўриқлаш учун тузилган полк пиёдалари. Чегарадан юз метр масофадаги таянч пунктларидан бирида айнан шу полк пиёдалари асир тушишган, бу гуруҳ Рилск — Суджа йўлини ҳимоялаш учун қўйилганди.

Россия қўмондонлиги (Курск областига — 2024 йил майидан буён Харкив ва Вовчанскка юриш қилаётган «Север» гуруҳи масъул) илк соатларда украинларнинг ҳужумларини авиация кучлари билан тўхтатишга ҳаракат қилди — ҳам бомбардимончилар, ҳам вертолётлар қўлланди. Улар ҳарбий техникаларнинг бир неча колоннасига зарба бера олди, аммо юришни тўхтата олмади.

Мавзуга оид