Жаҳон | 11:20 / 09.08.2024
8185
6 дақиқада ўқилади

Курск вилоятидаги жанглар: Киев «Россия ўзини ўзи йўқ қилаётгани»ни билдирди

Киевда уч кундан бери жанглар давом этаётган Курск вилоятидаги вазиятга биринчи изоҳ берилди. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва Курск расмийлари барқарор вазият ҳақида маълум қилди, Z-блогерлар Украина Қуролли кучлари олға силжиётганини ёзяпти.

Фото: Reuters

Украина расмийлари чегарадаги Курск вилоятида учинчи кундан бери давом этаётган жанглар ҳақида илк бор изоҳ берди. Россиянинг Курск ва Белгород вилоятларида «ҳар қандай кучайиш, ўққа тутиш, ҳарбий ҳаракатлар, мажбурий эвакуация ва нормал ҳаёт шаклларини йўқ қилиш»нинг асосий сабаби «фақат россияликлар тажовузи», деб ёзган Михаил Подоляк.

У Россия ҳудудида жангларнинг авж олгани учун жавобгарликни унинг президентига юклади. «Россиянинг ўзини-ўзи йўқ қилиши» концепцияси меъмори Путиндан бошқа ҳеч ким эмас», - дея таъкидлади у. Подолякнинг сўзларига кўра, Россия чекловчи ҳуқуқий нормаларга бўйсунмаслигига ва қўшни давлатларга ўз ҳудуди дахлсизлигини иккиюзламачилик билан талаб қилиб, жазосиз ҳужум қилиши мумкинлигига ишончи комил, аммо урушда «уни бошлаган томон муқаррар равишда жавоб олади».

Москва ва Курск вазиятни назорат остида ушлаб турганини даъво қилмоқда

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлигига кўра, «Север» қўшинлар гуруҳининг бўлинмалари Курск вилояти Суджанский ва Коренев туманларида Украина қўшинларининг олдинга силжишига имкон бермаган. «Алоҳида бўлинмаларнинг Курск йўналиши бўйича ҳудудга бостириб киришга уринишлари тўхтатилмоқда», — дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги. Бундан ташқари, баёнотда айтилишича, «Суми вилоятида Украина Қуролли кучларининг олдинга силжиб бораётган захираларига ҳаво зарбалари берилмоқда».

Ўз навбатида, Курск вилояти губернаторининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Андрей Белостоцкий «Биринчи канал» эфирида минтақадаги вазият барқарор ва назорат остида экани, душман гўё «бир метр ҳам олдинга чиқмагани» ва «аксинча, у чекинаётгани»ни билдирди.

Украина таслим бўлган россияликлар ҳақида хабар қилмоқда

Айни пайтда, Украинанинг россиялик ҳарбий хизматчиларни қидириш бўйича «Мен топмоқчиман» давлат лойиҳаси матбуот хизмати 7 август куни Курск вилоятида камида 32 нафар россиялик ҳарбий хизматчи таслим бўлганини маълум қилди. «Россия Қуролли кучларининг кўплаб ҳарбий хизматчилари асирга олинди - ҳарбий хизматга чақирилганлар, шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар ва сафарбар қилинганлар», дейилади баёнотда. 

Шу билан бирга, «Медуза» таъкидлаганидек, россиялик Z-блогерлар Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги янги муваффақиятлари ҳақида ёзмоқда. Урушпараст Telegram-каналлар хабарига кўра, Украина бўлинмалари Суджа шаҳри чеккаларини эгаллаб, Коренево қишлоғига яқинлашган. Россия Федерацияси ва Курск вилояти расмийлари бу хабарларга изоҳ бермаяпти. 

«Агентство» нашри маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари 24 соат ичида Курск вилоятида кенг кўламли уруш бошланганидан бери қурилган мудофаа иншоотларининг икки чизиғини бузиб ўтишга муваффақ бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, қурилишга 15 миллиард рубл сарфланган. «Ҳозирда Украинадан Курск вилояти ҳудудига қуролли бостириб кириш хавфи юқори эмас, аммо биз минтақанинг мудофаа қобилиятини доимий равишда кучайтирмоқдамиз», деганди 2023 йил январида минтақага раҳбарлик қилган Роман Старовойт. 

Белгород вилояти расмийлари Шебекинодаги отишмалар натижасида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди. «Шифокорлар унинг ҳаёти учун охиригача курашдилар, бироқ у олган жароҳатларидан тез ёрдам машинасида касалхонага кетаётганда вафот этди», деб ёзган губернатор Вячеслав Гладков. Отишма натижасида яна бир фуқаро яраланган. 

Курск вилоятида жанглар

Курск вилоятининг Суджанский ва Кореневский туманларида охирги уч кундан бери жанглар давом этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий экспертлар маълумотларига кўра, Украина армиясининг бўлинмалари Россия Федерацияси ҳудудига кириб келган. Камида иккита россиялик ҳарбий хизматчи асирга олинди ва рус армияси Ка-52 вертолётини йўқотди - у FPV-дрон томонидан уриб туширилди. Россия расмийлари «душманнинг олдинга силжишини тўхтатилган» ва «вазият назорат қилинмоқда» дея ишонтирди, аммо чегарадан 10 километр узоқликдаги 5000 аҳолиси бўлган Суджа шаҳрида жанглар ҳақида далиллар пайдо бўлмоқда. Украина томони чегарадаги ўзгаришлар ҳақидаги хабарга расман изоҳ бермади.

Россия президенти Владимир Путин Украина Қуролли кучларининг Москвадан 500 км узоқликдаги Курск вилояти билан чегарани кесиб ўтганини «кенг кўламли провокация» деб баҳолади. Давлат раҳбари 7 август куни ҳукумат аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда нутқ сўзлади. Кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда мудофаа вазири Андрей Белоусов, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ва Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников иштирок этди. Ҳисоботни Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов тақдим этди.

Қўшма Штатлар Курск вилоятидаги операция мақсадларини билиш учун украиналик ҳарбийлар билан боғланганини билдирди.

Мавзуга оид