Жаҳон | 08:45 / 10.08.2024
1663
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Беларусга қарши санкцияларни кенгайтирди

Вашингтоннинг чеклов чоралари Беларусдаги 19 шахс ва 14 ташкилотга таъсир кўрсатди ва ҳукуматнинг Boeing 767-32K(ER)самолётига ҳам чекловлар қўйилди.

Фото: AP

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Беларусга янги санкциялар киритди - 19 шахс ва 14 ташкилотга қарши - шунингдек, самолётга чекловлар қўйди. Бу ҳақда 9 август, жума куни АҚШ вазирлиги маълум қилди.

Ушбу чоралар ҳарбий материаллар ишлаб чиқариш, санкциялардан қочиш ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко атрофидаги олигархлар орасида даромад олиш орқали Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қаратилган.

Чекловлар 2020 йил августида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг тўрт йиллиги фонида тасдиқланган.

Ҳукумат бортига ҳам чекловлар киритилди

Рўйхатга "Белканто", "РубиСтар" ва "Рада" авиакомпаниялари кирди. Бундан ташқари, рўйхатда Беларус ҳукуматига тегишли бўлган ва Лукашенко авиафлоти таркибида фойдаланиладиган Boeing 767-32K(ER) ҳам бор.

«Лукашенконинг Россиянинг Украинага қарши асоссиз урушини қўллаб-қувватлаши Беларусга қимматга тушмоқда», дея маълум қилди Вашингтон. «Лукашенко ўз мамлакатининг мухторияти ва халқаро ҳамжамиятдаги мавқейини ўзи ва шериклари учун молиявий ва сиёсий манфаатлар эвазига сотиб юборди», - дея қўшимча қилинди у ерда. АҚШ чоралари Қўшма Штатларнинг Лукашенко режимини «Беларус демократик ҳаракатига қилинган ҳужумлари ва Беларус халқини қўпол равишда эксплуатацияси» учун жавобгарликка тортиш мажбуриятини кучайтиради, дея қайд этди OFAC.

ЕИ, АҚШ, Канада ва Британия Беларус халқи билан бирдамликда

Айни пайтда Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Британиянинг қўшма баёнотини эълон қилди. Улар «биз Лукашенко режими томонидан давом этаётган репрессияларга қарамай, демократик ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга интилаётган Беларус халқи билан биргамиз», деб таъкидлади.

Ғарб Беларус ҳукуматини Беларус қамоқхоналарида сақланаётган 1400 га яқин сиёсий маҳбусни «зудлик билан ва сўзсиз» озод қилишга чақирди. Улар, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши урушида ишлатилган компонентларни Беларус орқали етказиб беришни тўхтатиш бўйича кейинги қадамларни ваъда қилди.

ЕИ санкциялар режими 260 дан ортиқ кишига нисбатан қўлланди

Европа Иттифоқи кенгаши Беларусда 28 кишига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 5 август куни Кенгаш матбуот хизмати хабар берди.

Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг «узоқ йиллик тарафдорлари гуруҳи» чеклов чоралари остида қолди. Улар орасида БелТА давлат агентлиги бош директори Ирина Акулович, Миллий ассамблеядаги Ёшлар кенгаши раиси Никита Рачиловский ва Лукашенко матбуот хизматининг собиқ раҳбари Дмитрий Жук бор.

Ҳаммаси бўлиб, Европа Иттифоқининг индивидуал чеклов чоралари 261 кишига, шунингдек, Беларусдаги 37 ташкилот ва муассасага нисбатан қўлланди.

Мавзуга оид