Жаҳон | 14:17 / 10.08.2024
3855
4 дақиқада ўқилади

АҚШ: Яқин Шарқдаги кескинлашув ҳеч кимга фойда келтирмайди

АҚШ давлат котиби Блинкен ва Исроил мудофаа вазири Галант телефон суҳбатида Яқин Шарқдаги кескинликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди.

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Исроил мудофаа вазири Йоав Галант телефон орқали Яқин Шарқдаги кескинликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди. Бу ҳақда 9 август, жума куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер маълумот берди.

Блинкен Қўшма Штатларнинг «Исроил хавфсизлигига қатъий содиқлиги»ни яна бир бор тасдиқлади ва «эскалация ҳеч бир томон манфаатларига мос келмаслигини» таъкидлади.

Давлат котиби Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга эришиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу чора исроиллик гаровга олинганларни озод қилишни таъминлайди, гуманитар ёрдам оқимини оширади ва кенгроқ минтақавий барқарорлик учун шароит яратади. Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, исроиллик ва ливанлик оилаларнинг уйларига қайтишига имкон берувчи дипломатик ечимга эришиш муҳимлигини таъкидлади.

АҚШ ташқи сиёсат идораси Вашингтон Исроилга Америка қуроллари ва ҳарбий техникасини сотиб олиш учун 3,5 миллиард доллар (3,2 миллиард евро) ажратганини маълум қилди. Бу ҳақда америкалик қонун чиқарувчилари маълумот берган. CNN маълумотларига кўра, бу маблағлар апрел ойида АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланган умумий қиймати 14 миллиард доллар (12,8 миллиард евро) бўлган Исроил учун қўшимча молиялаштиришнинг бир қисмидир.

АҚШ Яқин Шарқдаги қўшинлари гуруҳини кучайтирди

АҚШ Пентагоннинг Эрон ва унинг иттифоқчилари эҳтимолий ҳужумларига қарши Исроилни қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари доирасида Яқин Шарққа қўшимча қўшин юборди. Ўнга яқин F/A-18 қирувчи самолётлари АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базасига USS Theodore Roosevelt авиаташувчи кемасидан учиб кетди, деб хабар берди AP ахборот агентлиги 7 август куни АҚШнинг номи ошкор этилмаган расмий вакилига таяниб. 

Қирувчи самолётлар, шунингдек, E-2D Hawkeye разведка самолёти Уммон кўрфазида жойлашган авиаташувчи кемани тарк этди ва 5 август куни номи ошкор этилмаган базага етиб келди, дея таъкидланади қўшимча равишда. 

«Ушбу ҳолатни ўзгартиришлар АҚШ ҳарбийлари минтақада қўллаб-қувватлаётган имкониятларнинг кенг доирасини, жумладан, Ўрта Ер денгизи шарқида фаолият юритаётган USS WASP’даги денгиз пиёда аскарлари десант гуруҳини тўлдиради», - дея тушунтирди Пентагон. Бу чоралар «АҚШнинг турли кутилмаган вазиятларга жавоб беришга тайёрлигини таъминлаш»га қаратилган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид