Жаҳон | 19:12 / 11.08.2024
5189
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Мадуронинг истеъфоси эвазига уни амнистия қилиши мумкин – ОАВ

Вашингтон Мадуро ва бошқа амалдорларни жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва экстрадициясини талаб қилмаслигини таъминлашга тайёр. Эвазига у ҳокимиятдан кетиши кераклиги таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ махфий музокаралар давомида Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг бош ёрдамчиларига 2025 йил январида ваколат муддати тугагунга қадар истеъфога чиқиши эвазига амнистия таклиф қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Гап Венесуэла президентига нисбатан Қўшма Штатларни кокаин билан тўлдиришга қаратилган фитнага алоқадорлик айблови олиб ташланиши ҳақида кетмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги Мадуро ва Венесуэла ҳукуматининг бошқа амалдорларига нисбатан айбловни 2020 йилда эълон қилган.

Манбаларга кўра, Вашингтон Мадуро ва бошқа амалдорларни жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва экстрадициясини талаб қилмаслигини таъминлашга тайёр. 2020 йилда АҚШ ҳукумати Мадурони ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар мукофот таклиф қилган эди.

АҚШ амнистияни таклиф қилмоқда, чунки Мадуро июлда ўтган президентлик сайловида мағлуб бўлганига ишончли далиллар борлигига ишонади, деб хулоса қилди WSJ суҳбатдошлари.

АҚШ аввалроқ ҳам Мадурога муддатидан олдин истеъфога чиқиши эвазига амнистия таклиф қилган эди. Кейин бу фактни Давлат департаментининг Венесуэла бўйича махсус вакили Эллиот Абрамс тасдиқлади. «Биз сизни таъқиб қилишни хоҳламаймиз. Биз сизни ҳокимиятдан кетишингизни истаймиз», деди у Венесуэла президентига мурожаат қилиб.

Венесуэлада президентлик сайлови 28 июл куни бўлиб ўтди ва якуний натижалари ҳали эълон қилинмаган. 2 август куни Венесуэла Миллий сайлов кенгаши (МСК) янгиланган маълумотларни эълон қилди, унга кўра, 96,87 фоиз овозлар санаб чиқилганидан сўнг, Мадуро 51,95 фоиз овоз олган. Унинг асосий рақобатчиси, «Демократик унитар платформа»дан номзод Эдмундо Гонсалес Уррутиа 43,18 фоиз олган. Венесуэла расмийлари ҳакерлик ҳужуми туфайли сайлов натижалари бўйича 100 фоиз маълумот узатишнинг иложи йўқлигини айтди. Агар сайлов натижалари тасдиқланса, Мадуро учинчи муддатга, 2031 йилгача ҳокимиятда қолади.

АҚШ Венесуэладаги сайлов натижалари халқ иродасини акс эттирмаслигидан хавотир билдирди ва натижалар санаб ўтилгандан кейин мамлакатга қарши санкциялар қўлланишини истисно этмади. Бошқа давлатлар, жумладан бир қанча Лотин Америкаси давлатлари ҳам сайлов натижаларини тан олмади.

Мавзуга оид