Жаҳон | 08:36 / 13.08.2024
2070
3 дақиқада ўқилади

Афина яқинида ўрмон ёнғинлари: юзлаб фуқаролар эвакуация қилинди

Ўт ўчирувчилар ва ҳарбий хизматчилар иккинчи кундирки ёнғинларни ўчиришга ҳаракат қилмоқда. Грецияда 15 августга қадар аномал иссиқ ҳаво ҳарорати кутилмоқда.

Фото: Reuters

Афина шимоли-шарқида Грециядаги ғайритабиий иссиқлик ва қурғоқчилик туфайли катта ўрмон ёнғинига қарши кураш давом этмоқда. Ёнғин 11 август куни тушдан кейин Греция пойтахтидан 35 километр узоқликда бошланган, бироқ кучли шамол туфайли тезда назоратдан чиқиб кетган ва бир сутка ичида Афинанинг шимолий чеккаларига етиб келган. 

«Бу ўта хавфли ёнғин бўлиб, биз 20 соатдан ортиқ драматик шароитда унга қарши курашяпмиз. Тонгда ёнғин асосан иккита алоҳида жабҳада кузатилди, баъзи ўчоқлар Афина шимоли-шарқидаги бориш қийин бўлган жойлардадир», - дея 12 август, душанба куни Грециянинг иқлим инқирози ва фуқаролик муҳофазаси вазири Василис Кикилиас сўзларидан иқтибос келтирган AP. 

Агентлик маълумотларига кўра, ёнғинни ўчиришда ўт ўчирувчилар ва шифокорлардан ташқари 100 га яқин ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда. Ўндан ортиқ туманлар, жумладан, тарихий Марафон шаҳри ва Афинанинг бир қанча чекка ҳудудларида эвакуация тўғрисида буйруқ чиқарилди. Ёнғин содир бўлган ҳудуддан юзлаб фуқаролар эвакуация қилинган. Афинанинг учта касалхонаси жабрланганларни даволаш учун шай ҳолатга келтирилди. Греция оммавий ахборот воситалари бир неча тинч аҳоли вакилининг тутундан заҳарлангани туфайли касалхонага ётқизилгани ва икки ўт ўчирувчи енгил жароҳат олганини хабар қилди. 

Грецияда ёнғин тез тарқалиши хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган

Метеорологлар дам олиш кунлари қурғоқчилик ва Эгей денгизи ҳудудидаги кучли шамоллар бир неча дақиқа ичида кичик ёнғинни катта ёнғинга айлантириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган, деб ёзади AFP. Бироқ йирик ёнғин сабаблари номаълумлигича қолмоқда. 

Мамлакат фуқаро мудофааси хизмати вакилларининг сўзларига кўра, яқин кунларда вазият ўта хавфли бўлиб қолади. Грециянинг аксарият ҳудудларида бир неча ой давомида ёмғир ёғмаяпти, 12 август куни Грецияда ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 39 даражага етиши кутилмоқда. Мамлакат ғарбида энг юқори ҳарорат кутилмоқда. Бундай об-ҳаво шароити 15 августга қадар ўрмон ёнғинлари учун қулай бўлиши мумкин. Кучли шамол ва ҳаддан ташқари қурғоқчилик туфайли «Грециянинг ярми қизил зонада».

Тарихдаги энг иссиқ қишдан сўнг, Греция 1960 йилдан бери энг иссиқ июн ва июл ойларини бошдан кечирди ва бу ўрмон ёнғинларига туртки берди.

Мавзуга оид