Жаҳон | 11:04 / 13.08.2024
1730
4 дақиқада ўқилади

Еврокомиссар Маскни «зарарли контент» хавфи ҳақида огоҳлантирди

Илон Маск АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп билан интервю ўтказилиши ҳақида эълон қилганидан сўнг, еврокомиссар Терри Бретон миллиардерга шошқалоқ ҳаракатлар учун жавобгарлик борлигини эслатди.

Фото: EU/Lukasz Kobus

Европа Иттифоқи ички бозор ва хизматлар бўйича комиссари Терри Бретоннинг сўзларига кўра, АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп миллиардер Илон Маск билан суҳбат чоғида «ёлғон баёнотлар» тарқатиши мумкин. Бретон бу ҳақда 12 август, душанба куни ушбу интервю бўлиб ўтган Маскнинг Х ижтимоий тармоғида ёзган

Суҳбат ўтказилиши маълум қилинганидан кўп ўтмай, еврокомиссар Илон Маскка йўллаган мактубида унинг идораси суҳбат давомида «зўравонлик, нафрат ва ирқчиликни қўзғатиши мумкин бўлган контент тарқалишини» диққат билан кузатиб бориши ҳақида огоҳлантирди. Маск Европа Иттифоқи қонунларига риоя қилишга мажбур, дея таъкидлади Бретон. Хусусан, Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни (DSA) платформадан АҚШ сайловлари каби «тегишли воқеалар билан боғлиқ зарарли контент тарқалишини самарали равишда тўхтатишни» талаб қилади. 

«Менинг идорам ва мен жуда ҳушёр бўламиз», деб давом этди Европа Иттифоқининг рақамли технологиялар бўйича комиссари. Агар қонунбузарликлар белгилари бўлса, Брюссел жарималар каби «вақтинчалик чоралар» қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Маск Бретоннинг мактубига ҳақоратли мем билан жавоб берди ва киноя билан у ҳеч қачон бундай қўпол, масъулиятсиз ҳаракатга қарор қилмаганини айтди. Трамп сайловолди кампанияси, ўз навбатида, Европа Иттифоқи ўз иши билан шуғулланиши ва АҚШ президентлик кампаниясига аралашишга уринмаслиги кераклигини билдирди. 

Маск аккаунти «катта» киберҳужумга учраганини маълум қилди

Миллиардер Трамп билан суҳбат бошланиши эълон қилинган вақтда «X’га катта DDOS ҳужуми бўлганини» айтди ва бу унга ўз вақтида саволлар беришни бошлашга имкон бермаганини таъкидлади. Натижада, суҳбат белгиланганидан тахминан 45 дақиқа кечроқ бошланди.

Кўплаб обуначиларнинг видео-трансляцияни кўриш умиди ўзини оқламади: жонли эфир иккала иштирокчининг аккаунтларида аудио-режимда бўлиб ўтди. Маскнинг саҳифасида 195 миллионга яқин обуначи бор, Трампникида эса 90 миллионга яқин. Аммо, уларнинг аудиторияси сезиларли даражада бир-бирига мос келади. Мулоқотнинг биринчи ярим соатида тингловчилар аудиторияси 1,5 миллиондан бир миллионгача камайди. Суҳбат тахминан икки соат давом этди. 

Маск ва Трамп ўртасидаги аудио-мулоқотда кўтарилган мавзулар АҚШдаги бўлажак сайловлар, Россия билан муносабатлар, Украина уруши, НАТО муаммолари, глобал исиш мавжудлиги, электромобил бозори ривожланиши ва бошқа масалаларга тааллуқли бўлди. Маск жуда илтифотли эканини кўрсатди ҳамда моҳиятан ўз меҳмонига эътироз билдирмади ва кўтарилган кўплаб мавзуларда унинг фикрига қўшилди.

Трамп узоқ танаффусдан сўнг Х ижтимоий тармоғига қайтди 

Х ижтимоий тармоғининг фойдаланувчиси сифатида узоқ вақт кўринмаганидан сўнг, АҚШ собиқ президенти ва Республикачилар партиясидан бўлажак сайловларда ягона номзод Доналд Трамп ушбу ахборот платформасига қайтди. 12 август, душанба куни у ўзининг 2,5 дақиқалик сайловолди видеосини эълон қилди. Унда Трампнинг 2016 йилдаги сайловлардаги биринчи ғалабасидан то ҳозирги президентликка номзодигача бўлган йўли кўрсатилган. Шундан сўнг, Трамп бир қанча шунга ўхшаш видеоларни эълон қилди. 

АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис учта муҳим штат – Мичиган, Висконсин ва Пенсилванияда Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трампни ортда қолдирди. Буни The New York Times газетаси ва Siena College тадқиқот институти томонидан 10 август куни эълон қилинган сўров натижалари тасдиқлайди.

Мавзуга оид