Жаҳон | 12:11 / 14.08.2024
2676
3 дақиқада ўқилади

Африкада маймунчечак тарқалиши фавқулодда ҳолат деб эълон қилинди

Конго Демократик Республикасида 2024 йил бошидан бери маймунчечак билан боғлиқ 13 700 дан ортиқ касалланиш ва 450 та ўлим ҳолати қайд этилди. Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (Аfrica CDC) олимлари маймунчечакнинг янги штамми тез тарқалаётганидан хавотирда. Шу боисдан маймунчечак тарқалиши Африка соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат деб эълон қилинди.

Одамдан одамга яқин алоқа орқали юқадиган инфекция иситма, мушак оғриғи ва бутун танада яллиғланиш каби белгиларни намоён қилиши мумкин
Фото: Reuters

Бутун танани зарарлаши мумкин бўлган вирус Африканинг бошқа мамлакатларига, жумладан Бурунди, Марказий Африка Республикаси (МАР), Кения ва Руандага тарқалди.

Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳукуматларга ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ёрдам беради ва зарарланган ҳудудларга тиббий буюмлар ҳамда ёрдам юборишни оширади.

Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари раҳбари Жан Касея, агар касалликни олдини олиш учун шошилинч чоралар кўрилмаса, у назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Бу декларация оддий расмиятчилик эмас. Бу ҳаракатни бошлаш учун баланд овозда чақириқ, ортиқ реактив бўла олмаслигимизни тан олишдир. Биз бу таҳдидни жиловлаш ва бартараф этиш борасида фаол ва агрессив бўлишимиз керак”, — деди у.

Африкадан ташқаридаги мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарлари ҳам эпидемиянинг кенг тарқалиши хавфини баҳолаш учун вазиятни кузатиб боряпти.

29 июл куни Европа касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш маркази Европада маймунчечакни юқтириш хавфи “жуда паст” эканини маълум қилганди.

Инфекcия ҳайвонлардан одамларга юқади, одамлар орасида эса бемор билан яқин алоқада бўлганларга, жумладан жинсий алоқа, терига тегиш, гаплашиш ёки нафас олиш орқали ўтади.

Касаллик иситма, мушак оғриғи ва яллиғланиш сингари белгиларни намоён қилиши мумкин. Агар даволанмаса, маймунчечак ўлимга олиб келиши хавфи мавжуд.

Вируснинг иккита асосий штамми маълум. Улардан енгил кечадигани 2022 йилда Европа, Австралия, АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларга таъсир кўрсатадиган глобал эпидемияга сабаб бўлди ва асосан жинсий алоқа орқали тарқалди.

Яқинда Конго Демократик Республикасида топилган янги вариант ортида марказий Африкага хос бўлган иккинчи, ҳалокатли штамм турибди.

Ушбу вирусга қарши учта вакцина мавжуд, лекин одатда уларни фақат хавф остидаги ёки инфексияланган одам билан яқин алоқада бўлганлар олиши мумкин.

Африкада касалликнинг тарқалишини чеклаш учун тахминан 10 миллион доза вакцина сотиб олиниши режа қилинмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид