Спорт | 17:05 / 14.08.2024
16579
2 дақиқада ўқилади

«Андижон» футболчиси Миллий гвардия ходимини урди

Суперлига 15-тури доирасидаги «Бунёдкор» - «Андижон» (2:0) ўйинидан кейин андижонликлар футболчиси Марлен Чобанов Миллий гвардия томонидан ҳибсга олинган.

Фото: Миллий гвардия

Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси хабарига кўра, 11 август куни «Бунёдкор» стадионида ўтган «Бунёдкор» - «Андижон» жамоалари ўртасидаги баҳсни андижонликлар футболчиси Mарлен Чобанов стадионнинг VIP трибунасида томоша қилган. Учрашув якунланганидан сўнг, соат 22:05да футболчи VIP трибуна орқали ичкарига киришга уринган. Махсус рухсатномага (бейджик) эга бўлмаган фуқародан Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси унинг қаерга кетаётганлигини, чиқиш учун бошқа йўлакдан фойдаланиши зарурлигини айтган. Аммо фуқаро Марлен Чобанов ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўли билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», - дейилади Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 23 ёшли футболчи ўтган мавсумларда Украинанинг «Оболон», Тошкентнинг «Пахтакор» ва Яйпаннинг «Турон» клубида фаолият олиб бориб, 2024 йилнинг бошида «Андижон» футболчисига айланганди.

Мавзуга оид