Жаҳон | 22:39 / 15.08.2024
4885
2 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг Курск вилоятида ҳарбий комендатура ташкил этди

Комендатура «ҳуқуқ-тартиботни, маҳаллий аҳолининг барча эҳтиёжларини таъминлаши керак».

Фото: AFP

Украина армиясининг ҳужуми давом этаётган Россиянинг Курск вилоятида ҳарбий комендатура ташкил этилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Олий бош қўмондонлик штабининг йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, комендатура «ҳуқуқ-тартиботни, маҳаллий аҳолининг барча эҳтиёжларини таъминлаши керак». Унга генерал-майор Эдуард Москалёв раҳбар этиб тайинланди.

Сирскийнинг айтишича, 15 август ҳолатига кўра Украина Қуролли кучлари Курск вилоятида турли йўналишларда 500 метрдан 1,5 километргача бўлган масофада олдинга силжиган ва ҳозирда 1150 квадрат километр майдондаги 82 аҳоли пункти Украина армияси назорати остида. Умуман олганда, операция бошланганидан бери Украина Қуролли кучлари Курск ҳудудига 35 километр масофага кирган.

Россия Мудофаа вазирлиги 15 август куни ўз ҳисоботида Россия армияси Курск вилоятидаги Крупец қишлоғи устидан назоратни қайта тиклагани, шунингдек, бир неча қишлоқлар яқинида Украина қуролли кучлари ҳужумларини қайтарганини маълум қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 24 соат ичида Украина қуролли кучлари Курск вилоятида яна 2 километр илгарилаган.

Мавзуга оид