Жаҳон | 10:32 / 19.08.2024
3430
5 дақиқада ўқилади

Россия Германияга «Шимолий оқим» бўйича терговга оид даъволарни тақдим этди

Москва Берлиннинг терроризмга қарши кураш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича музокаралар ўтказишига интилмоқда, дея маълум қилди Россия ТИВ.

Фото: Rootsi rannavalve

Россия Болтиқ денгизида «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурлари портлатилиши билан боғлиқ тергов бўйича Германияга расман даъво билан чиқди. Бу ҳақда 19 август, душанба куни РИА «Новости» агентлигига берган интервюсида Россия ТИВ Европа учинчи департаменти директори Олег Тяпкин маълум қилди.

Унинг эслатишича, Германия Федерал прокуратураси «Шимолий оқимлар»ни портлатишда гумон қилинган ғаввослардан бирини ҳибсга олиш учун ордер берган, у Украина фуқароси бўлиб чиққан. Бироқ, дипломатнинг сўзларига кўра, немис оммавий ахборот воситалари «узоқ вақтдан бери ва услубий равишда» «бу шахслар ҳеч қандай давлат билан алоқаси йўқ деган тезисни» тарғиб қилмоқда. Бундан у шундай хулосага келади: «Германия тергови ҳам «Шимолий оқим» портлатилишининг ҳақиқий айбдорларини аниқламасдан ёпилади, яъни аслида Германия ишни секинлаштиради». 

Тяпкиннинг сўзларига кўра, Москва расмий Берлин олдида «Германия ва бошқа жабрланган давлатлар БМТнинг терроризмга қарши конвенцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариши масаласини» қўйган. «Шу муносабат билан, тегишли даъволар расмий равишда икки томонлама тарзда, шу жумладан Берлинга тақдим этилди», дея қўшимча қилди у ва Россия Федерацияси амалдаги халқаро қоидаларга мувофиқ музокаралар олиб боришга интилаётганини ва кейинги қадамлар Ғарбнинг муносабатига боғлиқ бўлишини қўшимча қилди.

Германия ШО портлатилиши бўйича украиналикни ҳибсга олишга ордер берди

Германия Федерал прокуратураси Украина фуқароси, дайвинг бўйича инструктор Владимир Ж.ни ҳибсга олишга ордер берди. У «Шимолий оқимлар» портлатилишига алоқадор, дейди ARD, Süddeutsche Zeitung ва Die Zeit томонидан ўтказилган суриштирув муаллифлари. Владимир Ж. гўёки Полшада яшаган ва Украинага чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Кейинроқ Владимир Ж.ни ҳибсга олиш учун ордер берилгани Полша Бош прокуратураси томонидан тасдиқланиб, у Украинага жўнаб кетгани қўшимча қилинди. 

Хабар берилишича, ордерни беришга гувоҳларнинг кўрсатмалари асос бўлган, унга кўра Владимир Ж. оқ рангли Citroёn автомобили йўловчилари орасида бўлган. Автомашина, тергов маълумотларига кўра, экипажни 2022 йил 8 сентябр куни Andromeda яхтасига етказган. Германиянинг Рюген ороли яқинида тезликни оширгани учун олинган радар фотосуратида Владимир Ж.га ўхшаш одам тасвирланган.

WSJ Залужнийнинг портлашларга алоқадорлиги ҳақида хабар берди 
 
WSJ манбаларига кўра, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларини портлатиш операциясида ҳал қилувчи ролни Украина Қуролли кучлари (УҚК) собиқ бош қўмондони Валерий Залужний ўйнаган. 

Нашрнинг 14 августдаги материалида айтилишича, операция ғояси 2022 йил май ойида уни молиялаштирган Украина юқори мартабали ҳарбий офицерлари ва бизнесменлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда туғилган. Уни бевосита Залужнийга бўйсунган исми ошкор этилмаган генерал бошқарган ва портлашни оддий ижарага олинган яхтада олти нафар ҳарбий ва фуқаролик ғаввосларидан иборат гуруҳ амалга оширган. 

Украина президенти Володимир Зеленский операция режасини оғзаки маъқуллаган, бироқ АҚШ Марказий разведка бошқармаси бундан хабар топгач ва Киевни операцияни бекор қилишга чақиргач, у фикридан қайтган ва бу ҳақда Залужнийга айтган, бироқ у қулоқ солмаган. Кейинроқ у Зеленскийга қўпорувчилик гуруҳининг аллақачон ташқи дунё билан алоқаси узилганини ва уни ортга чақириб бўлмаслигини айтган, деб ёзади нашр.

WSJ нашрига берган изоҳида ҳозирда Украинанинг Британиядаги элчиси бўлган Залужний операция ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади. 

«Шимолий оқимлар»даги портлашлар

Россиядан Германияга олиб борувчи Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларининг тўрт тармоғидан учтаси 2022 йил сентябр ойи охирида портлатилган. Ўша пайтда уларнинг ҳеч бирида газ ташилмаган. «Шимолий оқим» иши портлатилишидан бироз олдин Россия томонидан тўхтатилди, «Шимолий оқим-2» эса Россиянинг Украинага бостириб кириши даврида ишга туширилмади. ШО-2 линияларидан бирига зарар етмаган ва воқеадан сўнг Россия президенти Владимир Путин у орқали газ ўтказишни таклиф қилган, бироқ Германия буни рад этган. Газ қувуридаги портлашлар учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

ОАВ Украинанинг портлашларга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотларнинг муҳим сиёсий аҳамиятига ишора қилмоқда. «Германия ўзини газ билан таъминламоқчи бўлган инфратузилмани вайрон қилган мамлакатга қандай муносабатда бўлиш керак?» - деб таъкидлайди Die Zeit.

Мавзуга оид