Жаҳон | 22:07 / 20.08.2024
3394
2 дақиқада ўқилади

Эрон Исроилга қасос зарбаси бериш бўйича шошилмасликка қарор қилди

Эрон қўмондонлари «душманни самарали жазолаш тажрибасига эга ва шошқалоқлик билан ҳаракат қилишга мойил эмас» экани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) матбуот котиби Али Муҳаммад Наиний сўзларига кўра, мамлакат армияси Теҳронда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавобан Исроилга ҳужум қилишга шошилиши керак эмас, деб ҳисоблайди. Эроннинг жавоби аввалги операциялардан фарқ қилиши мумкин, деди у.

«Вақт биз томонда ва жиноятчи сионистик режимга жавоб зарбаси берилишини кутиш даври узоққа чўзилиши мумкин», деб унинг сўзларидан Mehr агентлиги иқтибос келтирди.

Наинийнинг қўшимча қилишича, Эрон қўмондонлари «душманни самарали жазолаш тажрибасига эга ва шошқалоқлик билан ҳаракат қилишга мойил эмас». Шунингдек, у аввалроқ Эронга қилинган ҳеч бир ҳужум жавобсиз қолмаганини айтди.

Аввалроқ, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳусайн Жобирий Ансорий Теҳроннинг жавоб зарбаси шакли ва вақти можаронинг ривожланишига боғлиқлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Эроннинг жавоби «ҳар томонлама, аммо аниқ» бўлади.

Эрон 31 июл куни Теҳронда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари ўлдирилиши ортидан Исроилга қарши йирик ҳужум уюштиришга ваъда берди. Reuters агентлигининг хабар беришича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилса, Эрон ҳужумни кечиктириши мумкин.

Мавзуга оид