Жаҳон | 10:52 / 22.08.2024
3572
2 дақиқада ўқилади

РФ ҳукумати чет элдаги россияликларни жаримага тортиш ғоясини маъқуллади

Татаристон депутатлари армияни «обрўсизлантириш» ва Путинни ҳақорат қилган хориждаги россияликлар учун жавобгарлик жорий этишни таклиф этди. Россия ҳукумати бу ғояни қўллаб-қувватлади, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: РБК

Россия ҳукумати хорижга кетган россияликларни армияни «обрўсизлантириш» ва Владимир Путинни ҳақорат қилиш моддалари бўйича жавобгарликка тортиш имконини берувчи қонун лойиҳасини «концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади». Бу ҳақда 21 август, чоршанба куни ҳукумат ҳужжатларига таяниб, «Коммерсант» хабар берди.

Татаристон давлат кенгаши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)га шундай тузатишлар киритишни таклиф қилди, деб ёзади нашр. Депутатлар РФ қуролли кучларини «обрўсизлантириш» ва давлат раҳбарини ҳақорат қилиш ҳақидаги моддалардан ташқари, хориждаги россияликларни нафрат қўзғатиш, Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузиш ва санкциялар қўллаш тўғрисидаги моддалар, шунингдек, «экстремизм» ва «сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш» моддалари бўйича жаримага тортишни таклиф қилишди.

Бундан ташқари, Татаристон давлат кенгаши ушбу моддалар бўйича жавобгарликка тортиш мумкин бўлган муддатни икки йилгача узайтиришни таклиф қилди: ҳозир у уч ойдан бир йилгача. 

Шу билан бирга, «Коммерсант» ёзганидек, Россия ҳукумати мамлакатдан чиқиб кетган фуқароларни хабардор қилиш ва улар иштирокидаги ишлар бўйича иш юритиш қандай амалга оширилишини ҳали аниқлаштирмади. 

Ҳозирда Россия расмийлари чет элда бўлган россияликларни фақат «номақбул» ташкилотда иштирок этиш моддаси бўйича жавобгарликка тортиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид