Хитой АҚШнинг «махфий ядровий стратегияси»га кескин муносабат билдирди
Хитой «ядро қуролидан биринчи бўлиб фойдаланмаслик» сиёсатига амал қилиши ва ўзининг ядровий салоҳиятини миллий мудофаа учун зарур бўлган даражада сақлашини таъкидлади.

Фото: Reuters
АҚШ президенти Жо Байден «Хитой таҳдидига қаратилган махфий ядро стратегиясини» маъқуллагани ҳақидаги хабарларга Хитой кескин муносабат билдирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг брифингда маълум қилди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, энг катта илғор ядровий арсеналга эга Қўшма Штатлар ядровий қуролдан биринчи фойдаланишга асосланган ядровий тийиб туриш сиёсатини қатъият билан давом эттирмоқда ва ядровий триадани модернизация қилишга катта сармоя киритишда давом этмоқда.
«Қўшма Штатлар стратегик хавф ва ядровий таҳдидларнинг дунёдаги энг йирик яратувчисидир. Хитой ядровий арсеналининг ҳажми ҳеч қачон АҚШникига тенг эмас», деб таъкидлади Мао Нинг.
Унинг сўзларига кўра, Хитой «ядро қуролидан биринчи бўлиб фойдаланмаслик» сиёсатига амал қилади ва ўзининг ядровий салоҳиятини минимал, айнан миллий мудофаа учун зарур бўлган даражада сақлайди. «Биз бошқа давлатлар билан қуролланиш пойгасига киришмоқчи эмасмиз», деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Бундан ташқари, Мао Нинг Вашингтонни «ядровий қуролсизланиш бўйича ўзининг устувор масъулиятини бажаришга ва ядро арсеналини қисқартиришни давом эттиришга» чақирди.
АҚШ «глобал ва минтақавий тинчлик ва барқарорликка путур етказадиган» салбий қадамлар, жумладан, ядровий қуроллардан ҳамкорликда фойдаланиш, ядровий иттифоқлар ва бошқа ҳаракатларни тўхтатиши керак, деб қўшимча қилди хитойлик дипломат.
Аввалроқ The New York Times (NYT) нашри март ойида АҚШ президенти Жо Байден «Хитой таҳдидига қаратилган махфий ядро стратегиясини» маъқуллагани ҳақида мақола чоп этган эди. Унда айтилишича, Байден биринчи марта Хитой ядровий технологиясини жадал кенгайтириши ва «қуроллантириши»га эътибор қаратган ҳолда АҚШ ядровий тийиб туриш стратегиясини қайта кўриб чиққан. Шунингдек, АҚШ президенти ўз Қуролли кучларига Россия, Хитой ва Шимолий Корея билан эҳтимолий ядровий тўқнашувларга тайёргарлик кўришни топширган.
Мавзуга оид

19:08 / 14.03.2025
АҚШ сенаторлари Трампнинг Tesla тадбиридаги иштирокини текширишга чақирмоқда

17:01 / 14.03.2025
Кит Келлогг Кремль талабига биноан Украина бўйича музокаралардан четлатилди

15:20 / 14.03.2025
АҚШда олти кун машинада қамалиб қолган аёл курткаси ёрдамида омон қолди

13:52 / 14.03.2025