Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгияда янги ҳукумат тузишга уриниш муваффақиятсиз якунланди
Парламент сайловларида ғалаба қозонган ўнг «Янги Фламанд алянси» партияси раҳбари Барт Де Вевер янги ҳукуматни шакллантириш доирасида музокаралар олиб бориш учун мандатини қайтарди.
Белгияда ҳукумат тузиш бўйича биринчи уриниш муваффақиятсиз якунланди. Мамлакатдаги парламент сайловларида ғалаба қозонган ўнг «Янги Фламанд алянси» (N-VA) партияси раҳбари Барт Де Вевер янги ҳукуматни шакллантириш доирасида музокаралар олиб бориш учун мандатини қайтарди, деб хабар бермоқда Reuters пайшанба, 22 август куни. Белгия қироли Филипп сиёсатчининг истеъфосини қабул қилди.
Қайд этилишича, Де Вевер француз тилидаги либерал «Ислоҳотлик ҳаракати» (MR), "Христиан демократлар ва фламандлар" (CD&V), Vooruit Фламанд социалистик партияси ҳамда Les Engagés француз тилидаги марказчи партияси билан коалиция тузиш ниятида бўлган. Музокаралар Де Вевер томонидан таклиф этилган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, пенсия ва солиқ тизимларига ўзгартиришлар, шунингдек, давлат харажатларини қисқартириш атрофида бўлди.
Музокаралар давом этар экан, июн ойидаги сайловларда мағлубиятга учраган "Очиқ фламанд либераллари ва демократлари" (Open VLD) партияси вакили Белгия бош вазири Александр Де Кроо ҳукумати ўз вазифаларини бажаришда давом этади. 2019 йилги сайловлардан кейин ҳукумат фақат 493 кундан кейин тузилганди. Белгияда янги ҳукумат шакллантиришдаги танаффус бўйича рекорд 541 кунни ташкил этади.
Белгияда парламент сайловлари
Белгияда нидерланд тилида сўзлашувчи партиялар Фландрияда, француз тилида сўзлашувчи сиёсий кучлар эса Валлонияда вакиллик қилади. 2024 йилги парламент сайловларида мамлакатнинг нидерланд тилида сўзлашувчи қисмида биринчи ўринни Антверпен бургомистри Барт Де Вевернинг мўътадил ўнг «Янги Фламанд алянси» партияси, француз тилида сўзлашувчи қисмида эса либерал «Ислоҳотлик ҳаракати» эгаллади.
Мавзуга оид
17:16 / 26.05.2026
Белгияда поезд ва мактаб автобуси тўқнашди
14:45 / 02.03.2026
Белгия Россиянинг “яширин флоти” танкерини қўлга олди
09:04 / 25.02.2026
Ўзбекистон 2026 йилда 12 млн хорижий меҳмонни қабул қилишни режалаштирмоқда
16:07 / 20.02.2026