Жаҳон | 15:13 / 23.08.2024
2587
2 дақиқада ўқилади

НАТОнинг Германиядаги базасида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Авиабазада «Чарли» хавфсизликнинг иккинчи даражаси жорий этилди. Сабаби - Шимолий Атлантика алянси учун «эҳтимолий таҳдид»ни кўрсатувчи разведка маълумотлари.

Фото: AP

Германия ғарбидаги Гайленкирхендаги НАТО ҳарбий базасида хавфсизлик даражаси «Чарли»га кўтарилди. Шимолий Рейн-Вестфалияда 23 август, жума куни ҳарбий амалиётда иштирок этмаган барча ходимлар эҳтиёт чораси сифатида уйларига жўнатилган. Хавфсизлик даражасининг ошишига Шимолий Атлантика алянси учун «таҳдид»ни кўрсатадиган разведка маълумотлари сабаб бўлди.

Полиция операцияда иштирок этганини тасдиқлади, аммо зобитлар сонига аниқлик киритмади. Гайленкирхендаги dpa мухбири базада бир нечта полиция машиналари борлиги ҳақида хабар берди. Ҳаво базасига кираверишдаги электрон дисплейлар ва белгилар «Ч» хавфсизлик даражасини билдиради.

Гайленкирхенда НАТОнинг AWACS эрта огоҳлантириш тизимининг разведка самолётлари жойлашган. 14 та Boeing-707 самолёти таҳдидларни эрта аниқлаш мақсадида ҳаво бўшлиғини кузатиб боради.

Германиядаги НАТО ҳарбий базаларида диверсияга уринишлар

Süddeutsche Zeitung газетаси 14 август куни НАТОнинг Гайленкирхендаги ҳарбий базасида эҳтимолий қўпорувчилик уриниши ҳақида хабар берди. Видеокамера шуни кўрсатдики, номаълум шахс базага кириш учун панжарадан ошиб ўтган.

Айни пайтда, Кёлндаги ҳарбий базада 14 августга ўтар кечаси сувни бошқариш датчиклари ишга туширилди. Кейинчалик ўтказилган кўплаб синовлар нормадан ҳеч қандай оғишларни кўрсатмади. Ҳарбий объект ҳудудини айланиб чиқиш натижасида панжарада тешик аниқланган.

Иккала объект ҳам кучайтирилган назорат остига олинди. Кёлн ва Гайленкирхендаги воқеалардан сўнг Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳушёрликни оширишга чақирди ва ҳарбий объектларга киришни ҳимоя қилиш режалари қайта кўриб чиқилишини эълон қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид