Жаҳон | 15:06 / 24.08.2024
5970
2 дақиқада ўқилади

Курск вилоятида 80 дан ортиқ муддатли ҳарбий хизматчи бедарак йўқолди

Украина қуролли кучларининг Курск яқинидаги амалиёти бошланганидан бери 81 нафар ҳарбий хизматчи ўз қариндошлари билан алоқага чиқмаган. Улардан камида 38 нафари асирликда, икки нафари ҳалок бўлган, деб хабар берди BBC.

Фото: Reuters

Британиянинг BBC медиа-компанияси очиқ манбаларга таяниб, Украина қуролли кучларининг Курск вилоятида амалиёти бошланганидан буён ўз қариндошлари билан алоқага чиқмаган 81 муддатли ҳарбий хизматчи исм-шарифини аниқлади. Улардан камида 38 нафари асирликда, яна икки нафари ҳалок бўлган. Нашр бу ҳақдаги маълумотни 23 август, жума куни ўз сайтида эълон қилди. 

Йўқолганларнинг аксарияти 488-мотоўқчилар полкида хизмат қилган, деб ёзади BBC уларнинг яқин қариндошларига таяниб. Ушбу қисм Брянск вилоятининг Клинци шаҳрида жойлашган. Бироқ, аслида, у ерда хизмат қилган муддатли ҳарбий хизматчилар бир неча ой Курск вилоятидаги чегара постларида бўлишган, дейди журналистлар. 

Матнда Украинанинг Россия ҳудудига ҳужуми пайтида ҳалок бўлганлар аниқ сонини аниқлаш деярли мумкин эмаслиги таъкидланган. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар орасида фақат икки нафар қурбонлар борлиги аниқ: улар 19 ва 22 ёшли йигитлар. 

Bloomberg: Россия ҳудудларини қайтариш учун муддатли ҳарбий хизматчилардан фойдаланишни режалаштирмоқда 

Bloomberg агентлигининг 22 август куни хабар беришича, Россия Мудофаа вазирлиги Донбассдаги фронт чизиғидан Украина қуролли кучларининг ҳужуми учинчи ҳафтадан бери давом этаётган Курск вилоятига қўшинларни ўтказмасликка қарор қилди.

Агентлик суҳбатдошига кўра, Кремл Курск яқинидаги ҳудудларни озод қилиш операциясига муддатли ҳарбий хизматчиларни жалб қилмоқчи. Ҳарбий таҳлилчи Ян Матвеев фикрича, Россия ўз ҳудудидаги аҳоли пунктларини қайтариш учун 40 мингдан 50 минггача ҳарбий хизматчига муҳтож бўлади. 

Мавзуга оид