Жаҳон | 08:31 / 24.08.2024
6785
3 дақиқада ўқилади

Роберт Кеннеди Трамп фойдасига президентлик пойгасидан чиқди

Яқинда кичик Роберт Кеннеди ва Доналд Трамп бир-бирини танқид қилганди. Эндиликда мустақил номзод Кеннеди республикачи Трамп фойдасига номзодини қайтариб олди.

Фото: Jemal Countess/UPI Photo/Newscom/picture alliance

АҚШ президентлигига мустақил номзод кичик Роберт Кеннеди сайлов кампаниясида иштирок этишдан бош тортди ва Республикачилар партиясидан номзод, Оқ уй собиқ раҳбари Доналд Трампни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Кеннеди 23 август, жума куни таъкидлаганидек, Пенсилвания судига президентлик пойгасидан чиқиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди, деб хабар беради AP ахборот агентлиги мухбири сиёсатчининг Аризонада режалаштирилган чиқиши олдидан.

«Мен сайловда ғалаба қозониш учун реал йўлим борлигига энди ишонмайман», деди Кеннеди матбуот анжуманида.

Кеннеди иштирокидаги тадбирдан бир неча соат ўтиб, яқин атрофдаги Глендейлда Трамп сайловолди митинги режалаштирилган. Унинг кампанияси аввалроқ тадбирда «махсус меҳмон» иштирок этишини эълон қилган эди, бироқ икки сиёсатчининг жамоаси бу меҳмон Роберт Кеннеди эканига аниқлик киритмади.

Бир ҳафтадан камроқ вақт олдин кичик Кеннеди сайлов бюллетенига киритилиши учун керакли миқдордаги имзоларни топширган эди.

Кеннеди ва Трамп яқинда бир-бирини танқид қилганди

Бир йил аввал баъзи кузатувчилар Демократик партия тарихидаги энг обрўли оила аъзоси Кеннеди демократни Оқ уйга киритмаслик учун Трамп билан бирга ишлашини ақлга сиғдириб бўлмас деб ҳисоблашган, деб ёзади Reuters. Сўнгги ойларда у Трампни ўз тарафдорларига хиёнат қилганликда айблади, у эса Кеннедини «президентлик пойгасидаги энг радикал сўл номзод» сифатида танқид қилди. Аммо сўнгги ҳафталарда икки номзоднинг жамоаси бир-бирини мақташни бошлади ва бу масаладан хабардор Reuters суҳбатдошларига кўра, кучларни бирлаштириш ҳақида саҳна ортидаги муҳокамаларга киришди.

Куни кеча, 22 август куни Чикагодаги Демократик партиянинг миллий қурултойида АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзод сифатида илгари сурилишига расман розилик берди. Ундан аввал Миннесота губернатори Тим Уолз Демократик партиядан АҚШ вице-президентлигига номзод сифатида кўрсатилишини қабул қилди.

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид