Жаҳон | 12:40 / 25.08.2024
22014
8 дақиқада ўқилади

СССР оммадан яширган синов: Пермда портлатилган учта атом бомбаси

1970-йиллар бошларида советлар Перм вилоятида учта бомба портлатишади. Уларнинг кучи америкаликлар Японияга ташлаган атом бомба кучидан уч баробар кўп эди.

Фото: Kun.uz

АҚШнинг Япониядаги Ҳирошима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаганига 79 йил бўлди. Ўшанда жабрланган япон халқи мислсиз фожиани ҳамон унутгани йўқ.

Ҳанузгача Ҳирошима ва Нагасакида радиация миқдори баланд ва бу ерда чақалоқлар нуқсон билан туғилади.

Инсоният Иккинчи жаҳон урушидан ҳамда Ҳирошима ва Нагасаки фожиасидан етарлича хулоса чиқармади. Ўшандан кейин ҳам дунёда кўплаб урушлар бўлиб ўтди. Қуролли можаролар ва урушлар бугун ҳам давом этмоқда.

Боз устига, ўтган асрнинг иккинчи ярмида ўнга яқин давлат ядро қуролларига эга бўлди ва бу ҳам Ер курраси учун энг жиддий хавф ҳисобланади.

Ядро қуролларига эга давлатлар орасида СССР алоҳида ажралиб турган. Бу давлат XX асрнинг 60–70-йилларида жуда кўп марта атом бомбаси синовларини ўтказган.

Бундан ташқари, турли лойиҳаларни амалга оширишда ўз фуқаролари соғлигини, ҳудудларнинг яроқсиз бўлишини инобатга олмасдан, атом бомбаларини қўллаган.

Советлар Ўртабулоқдаги газ конини ҳам атом бомбаси портлатиб жиловлашади

Узоққа бормайлик, ҳатто Ўзбекистон ҳудудида ҳам икки марта газ конини жиловлаш учун атом бомбадан фойдаланилган. Биринчиси 1966 йилда Бухоро вилоятидаги Ўртабулоқ газ конини, иккинчиси 1967 йилда Қашқадарё вилоятидаги Помуқ газ конини жиловлашда атом бомбаси портлатилган.

Умумий ҳисобда 1965 йилдан 1988 йилгача СССРда тинч мақсадларда, турли лойиҳаларни амалга ошириш учун 124 марта атом бомбаси портлатилган.

Шундан 117 та портлаш махсус полигонлардан ташқарида, аҳоли масканларига яқин жойларда амалга оширилган. Советлар бу портлашларни “Халқ хўжалиги учун ядро портлашлари” дастури доирасида амалга оширган.

Жумладан:

  • Россияда – 80 та;
  • Қозоғистонда – 39 та;
  • Украинада – 2 та;
  • Ўзбекистонда – 2 та;
  • Туркманистонда – 1 та атом бомбаси портлатилган.

Аҳоли ўртасида ваҳима келиб чиқмаслиги ва хорижий ОАВда хабарлар тарқалмаслиги учун атом бомбаларининг портлатилиши оммадан сир тутилган.

Бироқ портлаш вақтида содир бўлган ер силкинишлари ва атрофга тарқаладиган радиация тўлқинлари туфайли халқаро ҳамжамият уларнинг аксариятини билган.

“Тайга” лойиҳаси доирасида атом бомбаси портлатилиши ана шундай ишлардан бири бўлган. Ўшанда Печора ва Колва (Кама дарёсининг ирмоғи) дарёларини ўзаро боғлаш учун атом бомбаларидан фойдаланиш режа қилинган. Учта портлашдан сўнг Европа давлатлари ва халқаро ташкилотлар босими остида бу иш тўхтатилган.

“Тайга” лойиҳаси

Аслида барчаси 1960-йилларда, Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги авж олган пайтдан бошланган. Ўзбекистон ва унинг атрофидаги республикаларда чўллар ўзлаштирилгач, Амударё ҳамда Сирдарёдан пахта далаларига қараб кўплаб каналлар тортилади. Оқибатда Оролга сув бормай қўяди ва денгиз қурий бошлайди.

Бошқа томондан Волга дарёсида кўплаб сув омборлари қурилиши туфайли Каспий денгизига тушадиган сув миқдори ҳам камаяди.

Шундан сўнг советлар Сибир ва Уралдаги дарёларни Ўрта Осиёга оқизишни режа қилишади. Сувнинг бир қисми Каспий денгизига, бошқа бир қисми эса Орол денгизига қуйилиши керак эди.

Иртиш дарёсининг сувларини Оролга оқизиш режаси

Аввалига Кама ва Печора дарёларини ўзаро боғлаш, шу орқали Печоранинг сувини Волга дарёси орқали Каспий денгизига олиб келиш мақсад қилинади. Бу лойиҳа битгандан сўнг Иртиш дарёсини Орол денгизига оқизиш учун Қозоғистон чўлларида канал қазилиши керак эди.

Бироқ бу ишларни амалга ошириш осон эмасди. Кама ва Печора дарёларини боғлаш учун бир неча юз км, Қозоғистон орқали эса бир неча минг км масофада канал қазиш ишларига жуда катта маблағ ҳамда ишчи кучи сарфлаш лозим бўларди. Шунингдек, канал қазиш ишлари узоқ вақт давом этарди.

Советлар ишни тезроқ ва арзонроқ битириш учун канални атом бомбаси ёрдамида қазишга қарор қилади. Улар бу ишни Кама ва Печора дарёларини боғловчи канал қурилишидан бошлайди ва бу ерда 200 дан ортиқ атом бомбаси портлатилиши режа қилинади.

1971 йил 23 март куни Перм вилояти Чердинский районида жойлашган Васюково қишлоғи яқинида учта атом бомбаси ер остига кўмилиб, портлатилади.

Бомбаларнинг ҳар бири 15 килотонна ядро зарядига эга бўлиб, улар америкаликлар Ҳирошимага ташлаган 15 килотоннали атом бомбасидан қарийб уч баробар кучли эди.

Бомбалар бир биридан 200 метр узоқликда жойлаштирилади ва улар бир вақтда портлатилади. Оқибатда узунлиги 700, эни 380, чуқурлиги 10-15 метр бўлган кўл пайдо бўлади.

Портлаш пайтида ер юзасидаги тупроқ 300 метр, ундан чиққан чанг эса 1 800 метр баландликкача кўтарилади ва атрофга сочилиб кетади.

Кейинчалик, ҳодиса гувоҳлари қаттиқ гумбурлашдан сўнг ер қаттиқ силкинганини ва эпицентрдан осмонга аввал олов, сўнг чанг кўтарилганини айтган.

Биринчи портлаш муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг советлар кейинги портлашларга тайёргарлик кўра бошлашади. Бироқ бу иш амалга ошмайди.

Перм вилоятида портлатилган атом бомбаларнинг радиация тўлқини Европагача етиб боради. Масалан, Пермдаги атом бомбаси портлашининг радиация тўлқини Швецияда ҳам аниқланади.

Шундан сўнг Европа давлатлари ва бошқа халқаро ташкилотлар дарҳол СССРдан 1963 йилда Москвада имзоланган келишув шартларига амал қилишни талаб қилади.

Маълумот учун, 1963 йил 5 август куни Москвада СССР, АҚШ ва Британия вакиллари томонидан “Ядро қуролларини атмосфера, космик кенглик ва сув остида ўтказишни тақиқлаш ҳақида”ги шартнома имзоланади.

Кўп ўтмай бу шартномага дунёнинг кўплаб давлатлари қўшилади ва уни имзолаб, ратификация қилади. Шартнома 1963 йил 10 октябрдан бошлаб кучга киради. Айни пайтда бу шартномани 131 давлат ратификация қилган.

Ядро портлаши оқибатлари

Европаликларнинг ҳақли эътирозидан кейин советлар атом бомбаларини портлатиб канал очиш режасидан воз кечади. Портлаш оқибатида очилган жой сув билан тўлиб, кўлга айланади.

Ўша пайтда радиация тўлқинлари жуда катта ҳудудга тарқалади ва табиатга, ҳайвонот дунёсига ҳамда ўша атрофда яшаётган одамларга жуда катта зарар етказади.

Радиация ўчоғи бўлган кўлдаги сув атрофдаги ҳайвонот дунёси учун жуда хавфли эди. Шу сабабли кўп ўтмай унинг атрофи тўсиқ билан ўраб чиқилади. Тўсиққа “Хавфли ҳудуд, кириш мумкин эмас”, “Эҳтиёт бўлинг, радиация” деган ёзувлар илинади ва объектни ҳарбийлар қўриқлай бошлайди.

Кейинчалик ҳарбийлар кўлни қўриқлашни тўхтатади. Шундан сўнг қаровсиз қолган тўсиқнинг бир қисми яроқсиз ҳолга келади. Кўлга ўрмон ҳайвонлари ва ўша атрофда яшовчи одамлар ўта бошлайди.

Одамлар кўл суви радиация билан тўйинганини биларди, бироқ ундан сув ичган ҳайвонлар нобуд бўлади.

Бугунги кунда ядро портлашидан сўнг ҳосил бўлган кўл “Ядро кўли” деб аталади ва унда радиация билан заҳарланган сув бор. Кўлда бир неча турдаги балиқлар яшайди.

Аслида Ядро кўли ва унинг атрофига яқинлашиш мумкин эмас. Бироқ ўша атрофда яшайдиган аҳоли кўлдан балиқ тутади, ўрмонлардан қўзиқорин теради. Бошқалар эса атом бомбасига ишлатилган ва тўсиқлардан қолган металломни йиғиштиради.

Пермда портлатилган атом бомбасининг темир бўлаги

Гарчи Ядро кўлига боришга рухсат бўлмаса-да, сўнгги йилларда Россияда у ерга саёҳатга бориш бирмунча авж олди. Турфирмалар ҳатто эски вертолётларни ижарага олиб, саёҳатчиларни Ядро кўлига олиб бормоқда.

2024 йилда россиялик бир гуруҳ мутахассислар Перм вилоятининг турли ҳудудларида радиация миқдорини ўлчашади. Шунда портлаш марказида пайдо бўлган Ядро кўлига қараганда Перм шаҳрида радиация миқдори баландлиги аниқланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти