Иқтисодиёт | 10:52 / 26.08.2024
2336
2 дақиқада ўқилади

Чехия Ўзбекистонда транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси ходимлари Чехия Саноат ва савдо вазирлиги мутасаддилари билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини барча жабҳада фаоллаштириш ва Ўзбекистон–Чехия муносабатлари кун тартибини амалий мазмун билан бойитиш мақсадида ташкил этилди.

Томонлар икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистонда транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлараро ривожланиш дастурлари доирасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Мартин Поспишил мамлакатимиз ҳукумати делегациясининг Чехияга ташрифи якунларини  юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг шу йил 8-11 октябр кунлари Брно шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро машинасозлик ярмаркасида иштирок этиши бўйича келишувга эришилганини таъкидлади. Ушбу тадбир доирасида Чехия ва Марказий Осиё мамлакатлари компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган конференция ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбек ва чех тадбиркорлари иштирокидаги навбатдаги иқтисодий тадбирни Чехияда ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид