ЖЧ-2026. А гуруҳи. 2-тур
Жанубий Корея – Чехия 2:1
Голлар: Ҳванг Ин Бом (67), Оҳ Ҳёнг Гю (80) – Крейчи (59).
Жанубий Корея: Ким Санг Гю, Лиз Ҳанг Беом, Ким Мин Жэ, Ли Ги Ҳюк, Сеул Юн Ву, Ҳванг Ин Бом (Ким Жин Гю, 84), Син Ҳо Бэк (Пак Жинг Сеоб, 84), Ли Таэ Сок (Эом Жи Сунг, 69), Ли Канг Ин, Ли Жэ Сон (Ҳванн Ҳи Чанг, 62), Сон Ҳеунг Мин (Оҳ Ҳёнг Гю, 69).
Чехия: Ковар, Чалупек, Ҳранац, Крейчи, Цоуфал, Соучек, Сойка (Хитил, 85), Зелени, Шулц (Гложек, 64), Провод (Садилек, 64), Шик (Хори, 64).
ОгоҳлантиришЛи Ги Ҳюк (90+6).

ЖЧ-2026 А гуруҳидаги иккинчи ўйин ҳам Мексика ҳудудида ўтказилди. Биринчисида мезбонлар Мехикода ЖАР устидан ғалаба қозонганди, Жанубий Корея ва Чехиядан келган футболчилар эса Сапопандаги «Акрон» номли ўйингоҳда куч синашишди.

Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида икки жамоа ҳам навбатма-навбат ҳужумга ўтишди. Кейин эса кореялик футболчилар ташаббусни тўлиқ ўз қўлларига олишди. Дастлаб жамоанинг асосий юлдузи Сон Ҳеунг Мин хавфли зарба берди, аммо европаликлар бу зарбани қайтаришди. Кейин эса Ли Ҳанг Бом стандарт вазият вақтида бош билан яна бир хавфли зарба йўллади, тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

Ли Кан Иннинг зарбасини ҳам Матей Коварж қайтариб қолди. Биринчи бўлим охирларида Сонда яна яхши вазиятлар юзага келди, аммо унинг зарбаларига аниқлик етишмади. Осиё вакиллари биринчи бўлим давомида саккиз бор зарба беришди, аммо гол ура олишмади.

Биринчи бўлимдаги энг ёдда қоларли вазият Павел Шулцнинг футболкаси йиртилиб кетиши бўлди. Бу ҳолатда Ли Ҳанг Бом рақибни тўхтатиш учун унинг формасидан ушлаб қолганди. Бу эпизод Чехия миллий жамоаси учун футболкаларни тайёрлаган ишлаб чиқарувчининг зарарига ишлаган тайин.

Биринчи бўлимда чехлар прессинг уюштириш орқали рақибни ўз ҳудудига ўтказмасликка уринди, корейслар эса олдиндан ўйланган комбинацияларни амалга ошириш билан шуғулланишди.

Иккинчи бўлим стартида ҳам Коварж ўзини кўрсатишига тўғри келди  – у бу сафар Ҳванг Ин Бёмнинг зарбасини қайтарди, кейин эса Сонни голсиз қолдирди. «Тоттенҳэм»нинг собиқ ҳужумчиси тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлашга уринганди, аммо Коварж алданмади. Ўйин Чехия дарвозаси барибир ишғол этилишига қараб кетаётганди, аммо ҳисоб Европа вакиллари томонидан очилди. Чехларнинг дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарбаси голга айланди. Владимир Цоуфал қанотдан тўпни жарима майдонига оширди, тўпга барчадан олдин етиб борган Ладислав Крейчи бош билан аниқ ҳаракат қилди.