Жаҳон | 00:02 / 27.08.2024
4675
2 дақиқада ўқилади

Молдова президентида COVID-19 аниқланди

Президент Майя Санду Мустақиллик куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок эта олмаслигидан афсусда эканини билдирди.

Фото: Facebook / Maia Sandu

Молдова президенти Майя Сандуда коронавируснинг янги тури аниқланди. Бу ҳақда давлат раҳбари ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.

Президент Молдова Мустақиллиги куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок эта олмаслигидан афсусда эканини билдирган.

«Қадрли дўстлар, қадрли фуқаролар. Афсуски, мен COVID билан касалландим ва эрта-индин ўтказиладиган оммавий тадбирларда қатнаша олмайман. Ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман, одатдагидан кўра бироз кўпроқ чарчаб қолаётганимни айтмаса, касалликнинг бошқа белгиси йўқ. Хатарни юзага келтирмаслик учун яқин бир неча кунга ўзимни яккалайман», — дейди Санду.

Молдова раҳбари «COVID ҳеч қаерга кетмаганини» эслатиб, фуқароларни бирор гумон пайдо бўлса тест топширишга ва шифокорга мурожаат қилишга чақирди.

Молдова Мустақиллиги кунини нишонлашга бағишланган барча тадбирлар белгиланган дастур доирасида давом этади.

Пойтахт мерияси соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, охирги ҳафта давомида COVID-19 билан касалланиш ҳолати 40 фоизга ошган: Кишинёв касалхоналарида 87 киши ушбу касаллик билан ётибди, уларнинг етти нафарини аҳволи оғир.

Мавзуга оид