Жаҳон | 17:56 / 28.08.2024
2760
2 дақиқада ўқилади

АҚШда жамоат жойида ниқоб таққан йигит ҳибсга олинди

18 ёшли фуқаро Ню-Йоркнинг Нассо округида яқинда қабул қилинган ниқоб тақишни тақиқлаш ҳақидаги қонуннинг биринчи айбланувчисига айланди.

Фото: AP

Ню-Йоркнинг Нассо округида полиция жамоат жойида ниқоб тақиб юрган йигитни қўлга олди ва унда пичоқ борлигини аниқлади, деб ёзмоқда The New York Times.

Жамоат жойларида ниқобдан фойдаланишни тақиқлаш чақириқлари июн ойида, Фаластин тарафдорларидан баъзилари норозилик намойишлари чоғида юзини бекитганидан кейин бошланган. Улар шахсини яшириш ва ижтимоий тармоқларда онлайн ҳужумга учрамаслик учун шундай қилишганини айтган. Аммо, таъкидланишича, ниқобдаги кишиларнинг айримлари безорилик ҳаракатларини содир этган.

Ҳибсга олинган 18 ёшли Уэслин Омар Рамирес Кастилло шу ой Ню-Йоркнинг Нассо округида қабул қилинган ниқоб тақишни тақиқлаш ҳақидаги қонуннинг биринчи айбланувчиси бўлди”, — дейилади хабарда.

Унинг бирорта норозилик намойишида қатнашгани ҳақида хабар берилмаган. Округ полициясининг айтишича, йигит кўчада қора кийим ва чанғи ниқобида юрган.

Гувоҳ томонидан чақирилган полиция йигитни тинтув қилиб, унинг камаридан пичоқ топган. Унга бир қанча моддалар, жумладан, ноқонуний қурол сақлаш ва ниқоб тақиш ҳақидаги қонунини бузганлик бўйича айбловлар қўйилди.

Офицерларимиз ниқобга қарши қонун ва бошқа омиллардан фойдаланиб, талончилик ниятида қурол олиб юрган одамни тўхтатишга ва сўроқ қилишга муваффақ бўлди”, — деди Нассо округи бошлиғи Брюс Блейкман ўз баёнотида.

Август ўрталарида Нассо округида АҚШда жамоат жойларида ниқоб тақишни тақиқловчи биринчи қонун қабул қилинганди. Тақиқ жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, юзини яширган жиноятчиларга қарши курашишни назарда тутади. Қоидабузарлар бир йилгача қамоқ жазоси ва минг доллар жаримага тортилиши мумкин. Тиббий ва диний сабабларга кўра истисноларга рухсат берилади.

 

Мавзуга оид