Жаҳон | 11:00 / 29.08.2024
3573
3 дақиқада ўқилади

Боррел исроиллик икки вазирга қарши санкциялар таклиф қилди

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Исроил вазирлари Бецалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвирга қарши «нафрат уйғотиш» бўйича санкциялар жорий этишни таклиф қилди. Улар Ғазо сектори аҳолисини инсонпарварлик ёрдамидан маҳрум қилишга чақирганди. 

Итамар Бен-Гвир Фото: Илья Ефимович / dpa / Global Look Press

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Исроил молия вазири Бецалел Смотрич ва мамлакат миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга «нафрат қўзғатиш» ва «инсон ҳуқуқларини бузганлик» учун санкциялар жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда dpa агентлиги 29 август, пайшанбага ўтар кечаси хабар берди. Боррел таклифи Европа Иттифоқининг 27 давлати ташқи ишлар вазирлари саммити арафасида билдирилган. 

Смотрич ва Бен-Гвир Исроил Ҳамас гуруҳига қарши ҳарбий операция ўтказилаётган Ғазо сектори аҳолисига инсонпарварлик ёрдами етказилишини тўсишга чақирди. Бен-Гвир шу йўл билан Ҳамасни таслим бўлишга ундашга умид қилмоқда. Смотрич шундан сўнг жангчилар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиши мумкинлигини билдирди. Исроил молия вазири Ғазо секторининг қамал қилинишини, ҳатто икки миллион аҳоли очарчиликдан нобуд бўлишини англатса ҳам, «ахлоқий ва асосли» деб атади. 

Жозеп Боррел Бен-Гвир ва Смотричга қарши жорий қилишни таклиф этаётган санкциялар уларнинг Европа Иттифоқидаги активларини музлатиш ва Европа Иттифоқига киришини тақиқлашни назарда тутади. 

Аввалроқ, Смотрич ва Бен-Гвир Ҳамас билан эҳтимолий сулҳга кескин қарши экани маълум бўлган эди. CNN телеканалига кўра, бундай сулҳга тайёрлик сигналини Исроилга август ойи ўрталарида Миср ва Қатар воситачилари орқали гуруҳнинг янги раҳбари Яҳё Синвар етказган. 26 август куни Reuters Қоҳирада Исроил ва Ҳамас ўртасидаги музокаралар натижасиз якунлангани ҳақида хабар берди. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид