Жаҳон | 13:34 / 29.08.2024
6640
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Покровск яқинидаги вазият «жуда оғир»

Украина президентининг айтишича, Донецк вилоятида россияликлар энг катта кучларини жамлаган. У, шунингдек, Украина қуролли кучларининг Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳужуми давом этишини эълон қилди.

Фото: Sergei Chuzavkov

Украина президенти Володимир Зеленский Донецк вилоятида жанговар ҳаракатлар кузатилаётган бошқа ҳудудлар каби Покровск яқинидаги вазият ҳам «ўта оғир» эканини айтди. «Россиянинг асосий саъй-ҳаракатлари ва энг катта кучлари у ерда тўпланган, ҳозир бизнинг ҳар бир бўлинмамизнинг барқарорлиги, йўқ қилиш қобилиятимиз ҳозир жуда муҳим», деди у 28 август, чоршанба куни кечки видеомурожаатида.

Курск вилоятида ҳужум давом этмоқда

Украина раҳбари, шунингдек, Украина қуролли кучларининг Курск вилояти ҳудудида ҳужум операцияси давом этиши ва россиялик ҳарбий хизматчилар асирга олингани ҳақида маълум қилди. «Биз Украина чегараси яқинидаги маълум ҳудудларда назоратимиз ҳудудини кенгайтиришда давом этмоқдамиз, ҳар куни бўлгани каби, алмашиш фонди тўлдирилмоқда», деди у Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши 917-кунида.

Зеленский Украина армияси томонидан Россия ҳудудида юзага келтирилган «барча кескинлик» Россия қуролли кучларига Донецк вилоятига қўшимча кучлар юборишга имкон бермаслигига ишонч билдирди.

Россиянинг Купянскка ҳаво ҳужуми

Бундан ташқари, Украина президенти Россиянинг Харкив вилояти Купянск шаҳри марказига бошқариладиган ҳаво бомбаси билан берган зарбаси натижасида қурбонлар ҳақида маълум қилди. Харкив вилоят прокуратурасининг хабарида айтилишича, ҳужум натижасида камида 16 киши, жумладан беш нафар полициячи яраланган. Дастлабки маълумотларга кўра, зарба ФАБ-500 авиабомбаси билан берилган. Турар жой бинолари, хўжалик иншоотлари, автомашиналар, дўконлар, маъмурий бинолар ва бошқа объектлар зарар кўрган.

Мавзуга оид