Жамият | 17:00 / 30.08.2024
2215
4 дақиқада ўқилади
Реклама

ОКМКда Истиқлол иншоотлари фойдаланишга топширилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бир қатор ижтимоий объектлар ва ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди.

Фото: ОКМК

Ушбу объектларнинг очилиш тадбирларида ОКМК раҳбарияти, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Ҳар бир объектнинг қурилиш ва таъмирлаш ишларида иштирок этган бир гуруҳ қурувчилар, лойиҳачилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Жумладан, 29 август куни “Нуронийлар маскани” расман ўз фаолиятини бошлади.

Ушбу масканда кекса нуроний отахону – онахонларнинг дам олишлари учун қулай шароитлар яратилган. Эндиликда бу ерда кексалар китобларни мутолаа қилишлари, шахмат, шашка каби спорт ўйинларини ўйнашлари ҳамда овқатланишлари мумкин.

Шунингдек, 29 август куни "Ёшлик-1" кони ва унинг кон-техника мажмуасини ҳамда “Қалмоққир” конини ташқи электр энергияси билан таъминлайдиган 110/35/6 кВ кучланишли рақамли трансформатор подстанцияси ҳам фойдаланишга топширилди.

Подстанциянинг электр таъминоти кучланиши 500/110/10 кВ бўлган “Туккет” подстанциясидан доимий икки занжирли ВЛ-110 кВ ҳаво линияси орқали амалга оширилади. Подстанцияда қуввати 80 МВА бўлган замонавий трансформаторлар, ёғли 110 кВ кучланишли ток трансформаторлари ўрнатилган.

Подстанция автоматика ва реле ҳимояли блоклари, аварияга қарши автоматика, автоматлаштирилган бошқарув тизими, маълумотларни йиғиш ва узатиш диспетчерлик бошқарув тизими билан жиҳозланди.

Эътиборлиси, подстанциянинг барча металл конструкциялари ва бетон буюмлари маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган.

29 август куни Самарқанд вилоятидаги Ингичка вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш лойиҳасининг II навбати ишга туширилди.

Фабрика собиқ Ингичка тажриба технология экспедициясининг фойдаланилмаётган бинолари негизида барпо этилди.

Фабрикада жами 9 турдаги 43 та янги технологик ускуналар ўрнатилган, кимё лабораторияси, таҳлил лабораторияси, бойитиш тажриба цехи, маиший бинолар қуриб битказилган.

Лойиҳага кўра, бу  фабрикада Ингичка вольфрам конининг 12 млн тоннадан зиёд техноген чиқиндилари қайта ишланади. Фабриканинг иккинчи навбати ишга тушгач, йилига қўшимча 85 тонна вольфрам концентрати олинади.

Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 120 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, 30 август куни Саноат темир йўл транспорти бошқармасининг 2-сонли темир йўл цехи “Свинцовая” станцияси ҳудудида янги темирйўл базаси ҳам фойдаланишга топширилди.

База звено йиғиш участкаси ва автомобилга ёқилғи қуйиш станцияси ҳамда ёқилғи мойлаш материаллари омбори, вагонларни таъмирлаш пунктини ўз ичига олади.

Мазкур объектнинг фойдаланишга топширилиши натижасида йилига 768 млн сўм иқтисодий самарадорликка эришилади.

Комбинат ижтимоий соҳа объектларини қўллаб-қувватлаш ишларини ҳали давом эттирмоқда. Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Элтамғали” маҳалла фуқаро йиғинидаги 80 ўринли болалар боғчаси қайта таъмирланиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди. Шунингдек, ушбу маҳалладаги 2 қаватли турар-жой биноси тўлиқ таъмирланди, эндиликда 14 та кам таъминланган оила ўз хонадонига эга бўлади.

Капитал таъмирлаш ишлари якунланаётган Олмалиқ шаҳридаги 12-сонли “Дарёча” болалар боғчаси ҳам шу кунларда янгича қиёфада болажонларга туҳфа этилиши режалаштирилган.

ОКМК Ахборот хизмати

Реклама

Мавзуга оид