Спорт | 12:06 / 01.09.2024
13367
20 дақиқада ўқилади

Ямал Мессидан тезроқ, Лукаку майдон ўйинчисига гол урди

«Барселона» 7 та гол урди, «Арсенал» ҳакам қарори қурбони, «Байер»нинг бундеслигадаги серияси якунланди.

Фото: Getty Images

Европа футболида шанба куни рўй берган асосий воқеалар.

Англия: «Арсенал» илк бор очко йўқотди

«Арсенал» — «Брайтон» 1:1
Голлар:
Ҳавертц (38) — Жоао Педро (58).
«Арсенал» – Райя, Тимбер (Зинченко, 80), Габриэл, Салиба, Уайт, Райс, Парти, Эдегор (Мартинелли, 74), Ҳавертц, Троссар (Калафиори, 59), Сака.
«Брайтон» – Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Велтман (Эступинян, 72), Ҳиншелвуд, Балеба, Милнер (Айяри, 17), Митома (Аденгра, 85), Жоао Педро, Минте (Рюттер, 72), Уэлбек (Энсисо, 85).
Огоҳлантиришлар: Райс (42), Парти (45+3), Минте (70), Тимбер (70).
Четлатиш: Райс (49).

Англия чемпионатининг бу туридаги энг катта афиша якшанба кунги «МЮ» ва «Ливерпул» ўртасида ўйинга эди, аммо турнирдаги вазият нуқтайи назаридан марказий баҳс «Эмирейтс»да бўлиб ўтди, майдонда дастлабки турларда очко йўқотмаган тўрт жамоадан иккитаси тўқнаш келди. Олдинги ўйинлардаги натижалар бу жамоларнинг кучи тенглигини кўрсатиб турарди, бу ўйиндан кейин ҳам натижалар ўзгармай қолди. «Арсенал» ўз майдонида кутилмаганда қатор кўрсаткичлар бўйича ортда қолди, «Брайтон» биринчи бўлимда, футболчилар сони тенг ҳолатда ҳам ўйиннинг 63,7 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, ўйин якунигача меҳмонлар йўллаган зарбалар сони 22 тага етди (шундан 4 таси дарвоза соҳасига аниқ борди).

Бу «канонирлар»нинг зарбалари сонидан икки баробар кўпроқ. Бу ўйинда ҳам лондонликларнинг доимий қаҳрамонлари ўзини кўрсатди, Сака пас берди, Ҳаверц гол урди — бу Микел Артета жамоаси учун классикага айланиб бормоқда. Англиялик вингер стартдаги учала турда ҳам жамоадошларига ассистентлик қилган, «Арсенал» футболчилари йигирма йилдан буён — Тиерри Анри ўйнаган йиллардан бери бундай кўрсаткичга эриша олмаганди. Ҳисоб 1:1 ҳолатида Сакада ҳам, Ҳаверцда ҳам ажойиб имкониятлар бўлди, аммо Вербрюгген ҳам ажойиб ўйнади. «Чайкалар»нинг жавоб голи эса мезбонлар бир киши кам бўлиб қолганидан кейин урилди. Лондонликлар яримҳимоячиси Деклан Райс иккинчи бўлим бошида аҳмоқона тарзда иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди. Бу вазиятда у рақиб жарима майдони яқинидаги бурчак олдида қоидабузарлик ишлатишда айбдор деб топилгач, бунга эътироз билдирди ва воқеа жойидан узоқлашишга шошилмади. Рақиб ҳимоячиси Велтман эса тўпни ўйинга киритишга шошилиб, тўп аралаш унинг оёғига тепди, англиялик футболчи йиқилди, бош ҳакам Крис Кавана эса уни вақт чўзишга уринишда айблади.

«Лестер» — «Астон Вилла» 1:2
Голлар:
Буонанотте (73) — Онана (28), Дуран (64).
«Лестер» – Ҳермансен, Кристиансен, Околи (Макатир, 90+2), Фас, Жастин, Скипп (Ал Ҳаннус, 68), Уинкс, Айю (Мавидиди, 67), Ндиди (Декордова-Рид, 89), Фатау (Буонанотте, 68), Варди.
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин, Пау Торрес, Конса, Богард (Неделкович, 79), Макгинн, Тилеманс, Онана (Баркли, 62), Бэйли (Рэмзи, 16), Уоткинс (Дуран, 61), Рожерс.
Огоҳлантиришлар: Онана (8), Скипп (26), Тилеманс (40), Богарде (55), Макгинн (74), Околи (74), Варди (83), Уинкс (90+3), Дуран (90+2).

«Эмирейтс»даги дуранг «Астон Вилла»га қўл келди. Бирмингҳэмликлар сўнгги тўрт ўйинни мағлубиятсиз ўтказган Лестерда (+3=1) иккинчи бўлим бошида ҳисоб қулай кўринишга келтирилди. Аммо кейинроқ мезбонлар ҳисобни қисқартиришди, ўйин охирида эса икки бор пеналти сўрашди, биринчи ҳолатда ҳакам қоидабузарлик қайд этмади, иккинчи ҳолатда Варди офсайдга тушиб қолгани маълум бўлди. «Вилла» учун яна бир ноқулай ҳолат — Бэйли биринчи бўлимдаёқ жароҳат олиб майдонни тарк этиши бўлди.

Уоткинс эса ҳамон голлар ҳисобини очгани йўқ. Ҳисоб 0:0 эканида у қатор вазиятлардан фойдалана олмади, аммо унинг пасидан кейин Онана ҳисобни очди, бу «Эвертон»дан олиб келинган яримҳимоячининг уч ўйиндаги иккинчи голи. Иккинчи бўлимда Уоткинснинг ўрнига туширилган Дуран ҳам мавсумдаги иккинчи голини урди. Бу ғалаба Унаи Эмерига АПЛ ўйинларида 15-сафар ғалабаси бўлди, бу испаниялик мутахассис шу лавозимга тайинланганидан кейинги даврда лигадаги энг яхши натижа.

«Вест Ҳэм» — «Манчестер Сити» 1:3
Голлар: Диаш
(19, автогол) — Ҳоланд (10, 30, 84).
«Вест Ҳэм» – Ареоля (Фабиански, 46), Эмерсон (Цоуфал, 71), Килмен, Мавропанос, Уан-Биссака, Алварес (Соучек, 77), Родригес, Қуддус, Пакета, Боуэн (Саммервилл, 86), Антонио (Фуллкруг, 71).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол (Уокер, 88), Диаш, Аканжи, Люис, Ковачич, Грилиш (Матеуш Нунеш, 72), де Брюйне (Аке, 88), Бернарду Силва, Доку (Гундўған, 68), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: де Брюйне (44), Эмерсон (61), Килмен (63), Родригес (75), Аканжи (90+1).

Ўйиннинг асосий якуни — «Манчестер Сити» яккапешқадам бўлиб олиши бўлди (якшанба куни фақат «Ливерпул» етиб олиши мумкин). Хосеп Гвардиола ҳали «Вест Ҳэм»га умуман ютқазмаган. Бу сафар ҳам «шаҳарликлар» фақат ўзига ўзи муаммо келтириб чиқармаса, рақиб муаммо туғдира олмаслиги кўриниб турганди. Ўйин тўлиқ меҳмонлар устунлигида ўтди, аммо Рубен Диаш оддий вазиятда ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.

Лекин амалдаги чемпионлар Ҳоланднинг кучли зарбаси билан яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Норвегиялик ҳужумчининг ўйиндаги биринчи голи эса голли узатма муаллифи туфайли алоҳида аҳамият касб этганди. Бернарду Силва учун бу АПЛда 44-голли пас бўлди ва турнир тарихидаги энг яхши португалиялик ассистентга айланиб олди. Бунгача бу мақом «МЮ» собиқ футболчиси Нанига тегишли эди. Аммо бу рекорд вақт ўтиши билан Бруну Фернандеш туфайли яна Манчестернинг қизил томонига қайтиши мумкин.

Фақат бу келажак масаласи, шанба кунги ўйин эса — Ҳоланднинг навбатдаги бенефисига айланди, у қаторасига иккинчи ўйинда ҳет-трик қайд этди. Ўйин охирида Матеус Нунеснинг пасидан кейин норвегиялик интригани бутунлай ўлдирди. Лондонликлар шу паллагача таслим бўлишмаган ва бир марта Қуддуснинг зарбаси устунга ҳам текканди. Эрлинг эса ўйинлар сонидан кўпроқ гол уришда давом этмоқда — АПЛда 69 ўйинда 70 гол. Ва ўртача ҳар тўққизинчи ўйинда ҳет-трик амалга оширмоқда. Бу сафаргиси — тўққизинчиси. Таққослаш учун: бу натижага Тиерри Анри 258 ўйинда, Ҳарри Кейн 320 ўйинда, Майкл Оуэн — 326 ўйинда эришган.

Испания: Флик даврида ўзгарган жамоа

 «Барселона» — «Валядолид» 7:0
Голлар:
Рафиня (20, 64, 72), Левандовски (24), Кунде (45+2), Олмо (82), Ферран (85).
«Барселона» – тер Стеген, Балде, Мартинес, Кубарси (Домингес, 61), Кунде, Педри (Лопес, 61), Касадо (Эрик Гарсия, 61), Олмо (Торре, 83), Рафиня, Левандовски (Ферран Торрес, 73), Ямал.
«Валядолид» – Ҳейн, Лукас Роза, Санчес, Жемерт, Перес, Юрич, Амалла (Сан-Хосе Канталеҳо, 57), Кике Перес (Ўзкажар, 88), Санчес (Мартин, 62), Моро (Кавас, 88), Маркос Андре (Латаса, 56).
Огоҳлантиришлар: Санчес (45), Кике Перес (74), Мартин (84).

Ла лигага қайтган «Валядолид»нинг сафар ўйинлари тақвими аёвсиз даражада. Аввалига «Сантяго Бернабеу»да энг яхши ҳолатида бўлмаган «Реал» барибир учта гол урди. «Барселона» эса барчасига осон эришди, Олмонинг голи офсайд туфайли бекор қилиниши муқаррар нарсани озроқ ортга сурди, холос. Биринчи бўлим ўрталарида Кубарси ва Ямал бир мартадан тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб беришди, Рафиня ва Левандовски бу имкониятлардан аниқ фойдаланишди. Танаффусгача каталонияликлар мадридликлар нормасини бажариб бўлишди, Кунденинг голигача эса Олмонинг зарбаси устунга текканди.

Шундай экан, олдиндан хулоса қилиш мумкин эди: 2017/18 йиллар мавсумидан буён илк бор кўк-анорранглилар мавсумни янги мураббий қўли остида тўрт ғалаба билан бошлайди. Ўшанда Эрнесто Валверде қаторасига етти учрашувда ғалабага эришганди ва энди Ҳанс Флик бу натижани янгилашга ҳаракат қилади. Шанба кунги ўйин натижаси эса каталонияликларнинг 2016 йилдан буён қайд этилган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси бўлди.

Асосий қаҳрамонлар — Рафиня ва Ямал. Бразилиялик вингер фаолиятидаги илк ҳет-трикни нишонлади, испаниялик эса Мессининг қатор ютуқларини ортда қолдирди. Меҳмонларнинг бурчак зарбасидан кейин Ламин тўпни майдон бўйлаб олиб ўтиб, уни дарвозабон билан яккама-якка вазиятдаги Рафиняга узатганида, бу унинг ла лига ўйинларидаги 10-ассисти ва барча турнирлар ҳисобга олинганда 20-ассисти бўлди. Биринчи натижага Лео 20 ёшу 245 кунлигида, иккинчисига — 21 ёшу 120 кунлигида эришганди. Ямал эса «Валядолид»га етти гол урилган кунда 17 ёшу 49 кунлик эди!

«Атлетик» — «Атлетико» 0:1
Гол:
Корреа (90+2).
«Атлетик» – Агирресабала, Берчиче, Йерай Алварес, Вивиан, Лекуэ, Прадос (Весга, 64), Эррера (Ҳаурегисар, 64), Сансет (Унаи Гомес, 81), Н.Уилямс, И.Уиьямс (Беренгер, 71), Гурусета (Жало, 64).
«Атлетико» – Муссо, Рейнилду, Хименес, Ле Норман, Галлаҳер (Де Паул, 70), Гризманн (Симеоне, 84), Коке (Корреа, 88), Барриос, Лоренте, Лино (Сёрлот, 70), Хулиан Алварес (Рикелме, 70).
Огоҳлантиришлар: Н.Уилямс (15), Йерай Алварес (34), Сансет (35), Коке (85).

«Атлетико» ўйинга бир неча соат қолганида овқатдан заҳарланиш туфайли Облакни йўқотди, аммо унинг ўрнига дарвозага турган Муссо бенуқсон ўйнади. Ҳимоячилар ҳам аниқ ҳаракат қилишди, ўйин охирида эса — Диего Симеонега хос услубда — мадридликлар ўз имкониятидан фойдаланишди. Икки жокер — Серлот ва Корреа — қўшимча дақиқаларда дарвоза соҳасига йўлланган илк аниқ зарбадан кейиноқ ғалаба голини уриб кетишди. Дарвозабонни алдаб ўтиб, тўпни бўш дарвозага юмалатиб юборган аргентиналик учун бу ла лига ўйинларида захирадан тушиб урилган 22-гол бўлди. Бу тарихдаги тўртинчи энг яхши натижа. Мората ва Пандианига етишга яна битта шундай зарба қолди, рекорд эса Хулио Салинасга тегишли (28).

Италия: Леау қутқарувчи ролида

«Лацио» — «Милан» 2:2
Голлар:
Кастелянос (62), Диа (66) — Павлович (8), Леау (72).
«Лацио» – Проведел, Нуну Тавареш (Ҳюсай, 90), Романиоли, Габаррон, Ладзари (Марушич, 46), Диа (Деле-Баширу, 81), Заккани, Гендузи, Ровелла, Тшауна (Исаксен, 46), Кастелянос (Нослин, 87).
«Милан» – Менян, Павлович, Томори, Эмерсон (Тео, 70), Терраччано, Рейндерс (Муса, 70), Фофана, Пулишич, Лофтус-Чик, Чуквуэзе (Леау, 70), Окафор (Абраҳам, 71).
Огоҳлантиришлар: Фофана (20), Ровелла (39), Заккани (64), Габаррон (85), Терраччано (90+1), Гендузи (90+3).

«Милан» стартдаги икки мағлубиятдан кейин таркибда ўзгаришлар қилди. Шунчаликки, ҳатто бунгача дахлсиз саналган Эрнандес ва Рафаэл Леау ҳам бошланғич таркибдан ўрин олмади. Жамоанинг ёздаги икки янги футболчиси — Эмерсон Роял ва ўтган мавсумда «Монако» марказини бетонлаштирган Фофана эса илк дақиқалардан майдонда эди. Монегаскликларнинг бошқа бир собиқ футболчиси — Павлович эса гол урди. Ушбу сербияликни князлик жамоаси етарлича қадрламаганди, у эса кейинроқ «Залцбург»да янги даражага чиқди.

Павлович биринчи бўлимда ҳисоб очилишидан олдин дарвозага кириб кетаётган тўпни тўхтатиб қолиб ҳам ўзини кўрсатганди, аммо иккинчи бўлимда ўзининг биринчи галдаги вазифаси - ҳимояланишни яхши бажара олмади. У Нуну Тавареш қанот бўйлаб ҳужум қилганида ўз дарвозаси томон қайтди, аммо марказда очилган рақиб футболчисини қўриқлашда жамоадошига ишониб қолди, Кастелянос эса осонлик билан дарвозани ишғол этди. Таварешнинг яна бир узатмасига очилган Диа ҳам сербиялик ҳимоячидан ўзиб кетди. Фақат шундан кейин Паулу Фонсека алмаштиришлар ҳақида эслаб қолди ва дарҳол тўрт нафар янги футболчини майдонга ташлади, улар россонериларни мағлубиятдан қутқариб қолишди. Жамоанинг янги хариди Абраҳам узатма берди — Леау гол урди. Менян эса яқин масофадан йўлланган зарбани тўсиб қаҳрамонлик кўрсатди.

«Наполи» — «Парма» 2:1
Голлар:
Лукаку (90+2), Замбо-Ангисса (90+7) — Бонни (19, пеналти).
«Наполи» – Мерет, Буонжорно, Рраҳмани, Ди Лоренцо, Кварацхелия, Политано (Нерес, 69), Оливера (Спинаццола, 46), Маццокки (Симеоне, 78), Лоботка, Замбо-Ангисса, Распадори (Лукаку, 62).
«Парма» – Сузуки, Валери (Дел Прато, 8), Чиркати, Балог (Осорио, 73), Кулибали, Зом, Бернабе, Михэилэ (Шарпантие, 73), Ковалски (Алмквист, 57), Ман, Бонни (Канчелери, 57).
Огоҳлантиришлар: Замбо-Ангисса (43), Лоботка (58), Михэилэ (61), Сузуки (63), Дел Прато (88).
Четлатиш: Сузуки (75).

«Наполи» ҳозирча барқарор эмас. Веронада учралган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин нисбатан кучлироқ бўлган рақиб «Болоня» худди шу ҳисобда тор-мор этилди, энди эса уйда «Парма»га қарши ўйинда муаммога учралди. Рақиб пеналти эвазига тезда ҳисобда олдинга чиқиб олди ва умуман олганда ҳам муносиб ўйин кўрсатди. Кварацхелия ҳам, унинг шериклари ҳам вазиятлардан фойдаланавермагач, телекамера чигалёзди машқларини бажараётган Лукаку томон тез-тез қаратилди. Ва белгиялик тўпга илк тегинишидаёқ гол уришига сал қолди.

Энг қизиқ воқеалар ҳали олдинда эди. 75-дақиқада меҳмонлар дарвозабони Судзуки жарима майдони ташқарисида Давид Нересни қўполлик билан тўхтатди. Бу қизил карточкага тортмасди, аммо япониялик посбон олдинроқ вақт чўзгани учун огоҳлантириб бўлинганди, шу туфайли «Парма» озчилик бўлиб қолди. Жамоада алмаштиришлар лимити тўлиб бўлганди, шу туфайли жамоа сардори Дел Прато қўлқоп кийиб дарвозага турди.

У ўн беш дақиқа давомида дарвоза дахлсизлигини сақлаб туролди, қолаверса неаполитанликлар хато зарбалар билан рақиб ҳаётини осонлантириб турди. Хвичанинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси трибуналар томон кетди. Дел Пратонинг шериклари ҳам зарба кетидан зарбаларни тўсиб туришди, аммо арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда барчаси ўзгариб кетди. Спинаццоланинг пасига очилган Лукаку жамоани шармандаликдан қутқарди, икки дақиқа ўтиб Нерес тўпни Замбо-Ангиссанинг бошига қўндириб бериш орқали Антонио Контега иккинчи ғалабани туҳфа этди.

Германия: Дортмунддаги қурғоқчилик

«Вердер» — «Боруссия» Д 0:0
«Вердер» – Цеттерер, Юнг, Фридл, Штарк, Агу, Вайзер, Стаге, Линен, Шмид, Нжинма (Топп, 82), Дукш (Грюлл, 90).
«Боруссия» Д – Кобел, Шлоттербек, Зюле (Бенсебайни, 57), Антон, Рюэрсон, Гросс, Жан, Брандт (Нмеча, 77), Забитцер, Гиттенс (Адейеми, 57), Байер (Мален, 71).
Огоҳлантиришлар: Антон (29), Зюле (34), Вайзер (42), Рюэрсон (48), Шлоттербек (53), Фридл (60), Бенсебайни (85), Гросс (90+1).
Четлатиш: Шлоттербек (73).

«Боруссия» чемпионатни қаторасига икки ғалаба билан бошлай олмади, ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ муаммолар бошланди. Танаффусдан кейин дортмундликлар ўйинни кучайтиришди ва барибир «Вердер»ни таслим этадигандек кўринганди. Аммо Зеттерер Адейемининг узоқдан йўллаган кучли зарбасини ҳам, Шлоттербекнинг Гросснинг узатмасидан кейин берган зарбасини ҳам қайтарди. Кейин эса «асаларилар» ҳимоячиси оқшомнинг асосий омадсизига айланди, у 73-дақиқада иккинчи сариқ карточкани олиб, жамоасини озчилик қолдириб кетди.

«Байер» — «Лейпциг» 2:3
Голлар:
Фримпонг (39), Грималдо (45) — Кампл (45+7), Опенда (57, 80).
«Байер» – Коварж, Инкапиэ, Та, Тапсоба (Артур, 86), Виртц, Терре (Адли, 71), Грималдо, Фримпонг (Телла, 77), Алеиш Гарсия, Жака, Бонифасе (Шик, 77).
«Лейпциг» – Гулачи, Лукеба, Битшиабу, Клостерманн, Симонс, Шешко (Нуса, 67), Раум, Ҳенрихс (Вермерен, 89), Кампл (Баумгартнер, 89), Айдара (Зайвалд, 15), Опенда (Поулсен, 89).
Огоҳлантиришлар: Бонифасе (12), Фримпонг (18), Клостерманн (61), Тапсоба (82).

«Байер»нинг қанот ҳимоячилари — ҳар қандай рақиб учун бош оғриғи келтириб чиқаради. Танаффусга қадар уларнинг иккиси ҳам гол уришди, Фримпонг кичик шедевр ижро этди — катта тезликда ўзини қўриқлаши керак бўлган рақибдан қочиб кетди, жарима майдонида бир ҳаракат билан иккинчи рақибни газонга қулатди ва тўпни дарвозабоннинг қўлтиғи остидан ўтказди. Грималдо эса иккинчи голли ҳужум вақтида плеймейкер позициясида пайдо бўлди. Ҳужумни унинг ўзи бошлади ва Вирцнинг узатмасидан кейин дарвозани ишғол этди.

Лекин биринчи бўлимга қўшиб берилган еттинчи дақиқада леверкузенликлар Камплни дарвоза қаршисида бўш қолдиришди ва у кескинлик даражасини ошириб берди. Унинг ҳисобни қисқартирувчи голидан кейин ҳиссиётларини тия олмаган Марко Розе эса мураббийлар ўриндиғидан четлатилди. «Ҳўкизлар» иккинчи бўлимга юқори кайфиятда қайтишди ва Опенда ҳимоячилардан қочиб кетиб, ўткир бурчакдан туриб тўпни дарвозабон оёқлари орасидан ўтказди. Лукебанинг зарбасидан кейин урилган гол эса тўпга офсайддаги Шешко тегингани туфайли бекор қилинди.

Бундай ўйинда барчасини вазиятлардан фойдаланиш ва дарозабон ҳал қиларди. «Лейпциг»да эса олдинги чизиқ ҳам, охирги чизиқ ҳам яхшироқ бўлиб чиқди. Гулачи мураккаб вазиятларда ишончли ҳаракат қилган бўлса, Коварж Опенданинг узоқдан йўллаган зарбасини тўса олмади, бу вазиятда Тапсобанинг ортидан йўлланган зарба яқин бурчакка келиб тушди. «Байер»нинг бундеслигадаги мағлубиятсиз серияси 35 ўйин билан тўхтади. «Бавария»нинг 53 ўйиндан иборат мутлақ рекордига етишга ҳали анча бор эди, Хаби Алонсо жамоасининг охирги мағлубияти 462 кун муқаддам рўй берганди — ундан олдинги мавсумнинг охирги турида «Боҳум»га қарши ўйинда (0:3).

Франция: Гринвуд — Балотелли каби

«Тулуза» — «Марсел» 1:3
Голлар:
Бабика (90) — Гринвуд (16, 17), Крэссуэлл (52, автогол).
«Тулуза» – Рест, Маккензи, Николайсен, Крессуэлл (Сидибе, 63), Гбоо (Шмидт, 76), Абуҳилол (Каманси, 63), Деннум (Кинг, 76), Кассерес (Бабика, 63), Сьерро, Суасо, Магри.
«Марсел» – Рулли, Брассие, Корнелиус, Мурилло, Мерлен, Кондогбиа (Ронжье, 86), Ҳёйберг (Мейте, 86), Ҳарит (Карбони, 66), Луис Энрике (Роу, 66), Гринвуд, Ваи (Мопе, 76).
Четлатиш: Магри (27).

Можароли ўтмишига қарамай Гринвуд Францияни забт этиб, марселлик фанатлар қалбидан жой олмоқда. Тулузада ушбу англиялик 80 сония ичида дубл қайд этди. Икки ҳолатда ҳам — Луис Энрикенинг узатмаларидан кейин. Эътиборли жиғати, Гринвуд лига 1 даги дебют мавсумини ўзи каби бадхулқ бўлган бошқа бир футболчи — Балотелли каби бошлади. 2016 йилда «Ницца» сафида ўйнаган Марио ҳам уч турда беш гол урганди. Бу Роберто Де Дзерби бошқарувида тажовузкор ўйин намойиш этаётган «Марсел»нинг голларининг фақат ярмидир, клуб мавсумнинг уч ўйинидан кейин самарадорлик борасида фақат чемпионатнинг 1954/55 йиллар мавсумидан ортда қолмоқда (11).

Кун статистикаси

«Арсенал» футболчилари Микел Артета келганидан буён АПЛ ўйинларида 16 бор қизил карточка олишган. Бу энг яқин клубларникидан учтага кўп.

«Эвертон» Шон Дайч бошқарувида августда илк голини уриши учун 500 дақиқа талаб этилди. Аммо «ирислар» «Борнмут» билан ўйинда 87-дақиқага қадар икки тўп фарқи билан олдинда бора туриб якунда мағлубиятга учради (2:3).

Сафарда мағлубиятсиз 11 ўйин — «Галатасарой»нинг клуб рекорди бўлди.

Мавзуга оид