Жаҳон | 13:22 / 02.09.2024
2385
2 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Ғарбий соҳилда 135,2 млн долларлик зарар етказди

Женин шаҳри мэри «Анадолу» агентлигига Исроилнинг минтақадаги «операциялари» оқибатлари ҳақида гапирди.

Фото: Anadolu Agency

Исроил армиясининг давом этаётган операцияси ишғол остидаги Ғарбий соҳилда Женин шаҳрига 135,2 миллион долларлик инфратузилмавий зарар келтирди. Бу ҳақда шаҳар мэри Нидал ал-Обайдий «Анадолу» агентлигига маълум қилди.

Агентлик суҳбатдоши исроиллик ҳарбийларнинг ҳаракатларини кучли зилзила оқибатлари билан солиштирди.

«Энг катта йўқотиш - одамларнинг ҳаёти. Моддий нуқтайи назардан, Исроил кучлари томонидан етказилган вайронагарчилик жуда катта, жумладан, инфратузилмага, сув ва алоқа линиялари ҳамда электр трансформаторларига ҳужумлар», - деди у.

Унинг сўзларига кўра, «фалокат кўлами аввалги амалиётлар вақтидагидан ошиб кетган».

«Шаҳарда зилзила содир бўлгандек бўлди – улкан вайроналар, кўчалар, уйлар вайрон бўлди ва портлатиб юборилди», деди ал-Обайдий.

Мэрнинг таъкидлашича, Исроил қўшинлари «шаҳарни атайлаб вайрон қилмоқда». «Операция беш кун кетма-кет давом этмоқда ва ҳар куни янги вайронагарчилик ва зарарлар келтирмоқда», - дея қўшимча қилди у.

У, шунингдек, ҳарбий амалиёт Жениннинг «ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини фалаж қилганини» таъкидлади. Ал-Обайдийнинг сўзларига кўра, аҳоли асосий эҳтиёжлар кескин танқислигига дуч келган. 

Мавзуга оид