Жаҳон | 08:00 / 03.09.2024
7056
5 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб беришга тайёрланмоқда

Европа расмийларининг айтишича, Теҳрон Москвани баллистик ракеталар билан таъминласа, Ғарб санкциялар билан жавоб беради. Уларни етказиб бериш масаласи яқин кунларда ҳал этилиши кутилмоқда.

Фото: TASS/dpa/picture alliance

Эрон тез орада Россияга баллистик ракеталар етказиб бериши мумкин, деб хабар берди Bloomberg 2 сентябр, душанба куни Европа расмийларига таяниб. Улар эҳтимолий етказиб бериш турлари ва кўламини кўрсатмади ва вақтни аниқлаштирмади, аммо агентлик суҳбатдошларидан бири масала яқин кунларда ҳал этилишига ишонч билдирди.

АҚШ ва бошқа НАТО иттифоқчилари Теҳронни бундай ҳаракатдан тийилиш тўғрисида бир неча бор огоҳлантирган ва бунинг олдини олиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши, Эрон ташқи ишлар вазирлиги ва унинг БМТдаги миссияси Bloomberg’нинг изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармади. 

Агентлик қайд этишича, Москва Шимолий Кореядан қурол-яроғ етказиб беришга ҳам таянади, Хитой технологияси ва асосий компонентлари ҳисобига ишлаб чиқариш қувватини сақлаб қолади. Теҳрон, шунингдек, икки ярим йиллик уруш давомида Россияга юзлаб учувчисиз учоқлар етказиб берган. 

Теҳронга қарши эҳтимолий санкциялар

Баллистик ракеталарни Россияга топшириш Эронга қарши қўшимча санкциялар билан кутиб олинса ҳам, Теҳронга қарши жорий этилган бир қатор чора-тадбирларда бўлгани каби (Москвага учувчисиз учоқлар етказиб бериш билан боғлиқ ҳолатда) уларнинг самарадорлигини савол остида қолдиради, деб ёзади Bloomberg. Иттифоқчилар муҳокама қилган чоралар қаторида Эроннинг Iran Air давлат авиакомпаниясига чекловлар ҳам бор. 

Ракеталар етказиб берилган тақдирда, «Еттилик гуруҳи» (G7) ўз хавотирларини дипломатик каналлар орқали Яқин Шарқ ҳукуматларига зудлик билан етказиши кутилмоқда, деди Европа расмийлари.

G7 аввалроқ Эрон ва Шимолий Кореяга Москвага қурол етказиб бергани учун санкциялар киритган эди. «Еттилик гуруҳи» шунингдек, Хитой ва Россия Федерациясига қурол ёки уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қисмлар ва технологиялар билан таъминловчи бошқа мамлакатлардаги етказиб берувчиларга нисбатан санкциялар босимини кучайтиришга интилмоқда. Сўнгги чекловлар бундай операцияларни амалга оширишга ёрдам берадиган компаниялар ва жисмоний шахсларга қаратилган, деб эслатади Bloomberg.

Reuters: Теҳрон Россияга юзлаб Fath-360 баллистик ракеталари етказиб беришни режалаштирмоқда 

Reuters агентлиги Европа разведка хизматларидаги икки манбага таяниб, 9 август куни Теҳрон Россияга юзлаб Fath-360 баллистик ракеталарини етказиб беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Агентликнинг қўшимча қилишича, ўнлаб россиялик ҳарбий хизматчилар Эронда улардан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтмоқда. «Москванинг ўзига хос баллистик ракеталари бор, бироқ Fath-360 етказиб бериш Россияга ўз арсеналининг катта қисмини фронт чизиғидан узоқдаги нишонларга зарба бериш учун ишлатиш имконини бериши мумкин», — дейилади хабарда. 

Махфий разведка манбаларига таяниб, агентлик суҳбатдошлари россиялик ходимлар Эронга максимал 120 км масофага учадиган ракета ва 150 кг оғирликдаги жанговар каллакдан ўт очадиган Fath-360 мудофаа тизимини бошқаришни ўрганиш учун ташриф буюрганини қайд этди.

Россия Мудофаа вазирлиги расмийлари 2023 йил 13 декабр куни Теҳронда Эрон расмийлари билан Fath-360 қисқа масофали тактик баллистик ракетаси ва Эроннинг Ababil номли давлат аэрокосмик саноати ташкилоти томонидан яратилган яна бир баллистик ракета тизими бўйича шартнома имзолади, дея икки разведка ходими анонимлик шарти билан Reuters’га хабар берди. 

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши вакилининг айтишича, Қўшма Штатлар, унинг НАТОдаги иттифоқчилари ва G7 бўйича ҳамкорлари бу ҳаракатларга «тезкор ва кучли жавоб беришга тайёр».

АҚШ: Етказиб бериш кескинлашувни англатади

Бу қадам «Эроннинг Украинага қарши Россия урушини қўллаб-қувватлаши кескин кучайишини англатади», деди Америка маъмурияти вакили. Унинг сўзларига кўра, «Оқ уй Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Россия ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган».

Шу пайтгача Эроннинг Москвага ҳарбий ёрдами асосан портловчи моддаларни олиб юрувчи ва баллистик ракеталарга қараганда секинроқ бўлгани учун уриб тушириш осонроқ бўлган Shahed ҳужумкор дронлари билан чекланиб келган.

Россия қуролли кучлари Киевга қарши Шимолий Кореянинг KN-23 ракеталарини, хусусан, Украина билан чегарадош Брянск, Курск ва Воронеж вилоятларидан учирмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg. 

Мавзуга оид