РФ армияси Полтавага вайронкор зарба йўллади. 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлган
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан уюштирилган тадбир вақтида иккита баллистик ракета учиб келган. 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 200 га яқин киши яраланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
РФ қўшини 3 сентябр куни Полтава бўйлаб ракета зарбалари йўллади. «Суспiльне» хабарига кўра, эрталаб соат 09:10 атрофида иккита портлаш рўй берган, ундан икки дақиқа олдинроқ шаҳарда ҳаво тревогаси эълон қилинганди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, россиялик ҳарбийлар шаҳарга иккита баллистик ракета билан ҳужум уюштирган. Ҳужум оқибатида ўқув биноси ва унинг яқинидаги шифохона ҳудудига зарбалар келиб тушган, деган Зеленский. Унинг сўзларига кўра, Алоқа институти биноларидан бири қисман қулаб тушган. Харобалар остида одамлар қолиб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ракета зарбаси оқибатида 41 киши ҳалок бўлиб, 180 дан ортиқ киши яраланган, дея маълумот берган Володимир Зеленский. Бу кенг кўламли уруш даврида Россиянинг Украина бўйлаб энг кўп қурбон ва ярадорларга сабаб бўлган йирик зарбаларидан бири бўлди.
У «ҳодиса юзасидан тўлиқ ва оператив текширув ўтказишга топшириқ бергани, қутқарув амалиётига барча тегишли хизматлар жалб этилгани»ни маълум қилиб, зарбадан кейинги илк дақиқалардан одамларга ёрдам беришга ошиққанлар, инсонлар ҳаётини қутқариб қолаётганларга миннатдорчилик билдирган.
«Россия бу зарба учун албатта жавоб беради. Ва биз дунёдаги бу террорни тўхтатишга қодир бўлганларнинг барчасига яна бир бор такрорлаймиз: ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракеталар қайсидир омборларда ётиши эмас, Украинага керак. Россия терроридан ҳимоя қила оладиган узоқ масофали зарбалар кейинроқ эмас, ҳозирнинг ўзида керак. Ҳар бир кечиккан кун — бу, афсуски, одамлар ҳалок бўлишини англатади», — деган Украина президенти.
UPD. Украина бош прокуратураси ҳужум қурбонлари бўйича маълумотни янгилади — 53 киши ҳалок бўлган. Полтава области раҳбари Филипп Пронин 298 киши яралангани ҳақида хабар берган.
Полтавада Телекоммуникация ва ахборотлаштириш ҳарбий институти ҳужумга учраган, бу — собиқ Полтава Олий ҳарбий қўмондонлик алоқа мактабидир. BBC Украина хизмати хабар қилишича, алоқа мактаби ҳудудида Алоқа қўшинларининг 179-сонли ўқув маркази жойлаштирилганди.
Россиялик ҳарбий блогер Борис Рожин ўзининг Colonelcassad телеграм-каналида воқеа жойида олинган фотосуратлар ва видеоёзувларни эълон қилган. Россиялик ҳарбий мухбирлар тасдиқлашича, зарба ҳарбийлар саф тортиб турган маҳалда йўлланган, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони эса 50 нафардан кам эмас.
Украиналик алоқа бўйича ҳарбий мутахассис Сергей Бескрестнов (Сергей Флэш) телеграм-каналида Полтава бўйлаб зарбадан кейин «алоқачи ҳамкасблар» учун ҳамдардлик билдирган.
Полтавада институт биноларидан бири қисман вайрон бўлган. «Полтава қўрқинчли кунни бошдан кечирди. Россиялик тажовузкор шаҳардаги ўқув муассасаларидан бирига варварларча зарба берди», — дейилади Украина мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирлик харобалар остида кўпчилик қолиб кетганини маълум қилган. «Қутқарувчилар ва шифокорларнинг ҳамкорликда ҳаракатланиши туфайли 25 киши қутқариб қолинди, шундан 11 нафари харобалар остидан олиб чиқилган. Ҳозирда қутқарувчилар ишни давом эттирмоқда», — дейилади вазирлик хабарида. Қайд этилишича, тревога ва зарба орасидаги вақт шунчалик кам бўлганки, кўпчилик бомбапанагоҳга етиб боришга улгурмаган. Вазирлик қурбонлар сонига тўхталмаган.
Ракета зарбаси туфайли атрофдаги турар-жойлар шикастланган, деб хабар берган Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко. Унинг сўзларига кўра, кўп қаватли уйларда зарба тўлқини деразаларни тўкиб ташлаган, бино фасадлари шикастланган. Полициячилар квартирама-квартира юриб, жабрланганлар бор-йўқлигини текширмоқда. Полицияга мулк зарар кўргани бўйича 100 га яқин мурожаат келиб тушган.
Полтава аҳолиси ярадорларга ёрдам учун қон топширмоқда, деб хабар қилган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Филипп Пронин. «Барча тегишли хизматлар воқеа жойида иш олиб бормоқда. Қутқарувчилар ва шифокорларнинг максимал даражада мувофиқлаштирилган ҳаракатлари кун давомида кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолди. Кўплаб полтаваликлар ярадорларга ёрдам бериш учун қон топширишмоқда», — дея ёзган у телеграм-каналида. Областдаги қон қуйиш станцияси кун ярмида полтаваликларни донор бўлишга таклиф этишни бошлаганди, деб хабар беради «Суспiльне».
Полтава областида ракета зарбаси туфайли 4 сентябрдан бошлаб уч кунлик мотам эълон қилинди, дея хабар берган Филипп Пронин. «Полтава области ва бутун мамлакат учун катта фожиа. Душманнинг маккорона зарбаси 41 кишини ҳаётдан олиб кетди. 180 дан ортиқ киши яраланган. Қариндошлари ва яқинларига чин дилдан ҳамдардлик билдираман», — дея ёзган ҳудудий маъмурият раҳбари телеграм-каналида.
РФ мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«У ақлдан озди». Трамп ва Маск тортишуви янги даражага чиқди — онлайн жанг реал вақтда давом этмоқда
Жаҳон | 02:05
-
Балида сиғими 1 литрдан кичик сув идишларни ишлаб чиқариш тақиқланди
Жаҳон | 01:03
-
Президент Кападзега қўнғироқ қилиб, футболчиларни мундиал йўлланмаси билан табриклади — видео
Спорт | 00:48
-
Қозоғистон узра номаълум объектлар. Мудофаа вазирлиги баёнот берди
Жаҳон | 00:15
Мавзуга оид

19:52 / 05.06.2025
Фото: Херсон области маъмурияти биноси яксон этилди

17:35 / 05.06.2025
Черниҳив областидаги фожиа: ўт ўчирувчи ўз уйи дрон зарбасига учрагани устидан чиқди

13:45 / 05.06.2025
СБУ «Паутина» операциясининг янги кадрларини кўрсатди

13:40 / 05.06.2025