Жаҳон | 11:36 / 04.09.2024
3957
4 дақиқада ўқилади

Россия банклари Хитой пул қабул қилиб олгани тўғрисида ҳужжат талаб қиляпти

Хитой билан савдо қилувчи Россия компаниялари маҳаллий банк томонидан пул ўтказмалари қабул қилинганлиги тўғрисида ёзма тасдиқнома тақдим этишга мажбур бўляпти, деб ёзади «Ведомости».

Фото: AP

Россия банклари Хитойда ҳисоб-китобларни амалга оширувчи маҳаллий компаниялардан Хитой банки уларнинг пулларини қабул қилганига ёзма кафолат беришни талаб қиляпти. Бу ҳақда 3 сентябр, сешанба куни «Ведомости» газетаси ўзининг икки манбасига таяниб ёзди.

Энди ўз тўлови тақдирини билиш учун Хитой маҳсулотлари етказиб берувчи россиялик маҳаллий банк билан боғланиб, тафсилотларни айтиб бериши ва пул ўтказмасини қабул қиладими ёки йўқми, расмий жавоб олиши шарт. Агар жавоб ижобий бўлса, етказиб берувчи маълумотларни Россия компаниясига ўтказади ва у Россия банкига ёзма равишда тўлов қабул қилиниши ҳақида хабар беради. Шунингдек, газета аниқлик киритишича, унинг суҳбатдоши – импортчи ҳам худди шундай талабга дуч келган ва бундай амалиёт мавжудлиги ташқи савдо ҳисоб-китоблари бўйича маслаҳатчи томонидан тасдиқланган.

Янги мажбуриятнинг сабаби сифатида газета банклар маблағларни қайтариш билан шуғулланишни истамаслигини келтирмоқда - бу мижозларни безовта қиладиган ва конвертация пайтида молиявий йўқотишларга олиб келадиган узоқ процедура. Нашр келтирган «Первая группа» АЖ бош директори Алексей Порошиннинг сўзларига кўра, сўнгги икки ой ичида Хитой банклари томонидан қайтарилган тўловлар улуши сезиларли даражада ошган. 

БАА банклари Хитой электроникаси учун Россиядан тўловларни блокламоқда

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) банклари август ойида Россия Федерацияси компанияларидан электрон компонентлар ва маиший электроника учун тўловларни блоклашни бошлади. Бу ҳақда 28 август куни «Коммерсант» газетаси ўз сайтида маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, блоклаш ускуналар БААга келмаган ҳолларда жорий этиляпти. «Россия ташкилотлари БААдаги компаниялардан Хитойга электроника учун маблағ ўтказиш усули сифатида фойдаланган, аммо товарларнинг ўзи дарҳол Россия Федерациясига жўнатилган», деб тушунтирди нашр манбаси.

Хитой банклари русча исмли кишилардан пул қабул қилмаяпти

Хитойнинг бир қатор банклари «агар тўлов ҳужжатларида русча номлар кўрсатилган бўлса», маблағларни қабул қилишдан бош тортмоқда, деб ёзади «Известия» газетаси 2 сентябр куни бизнесменлар ва манбаларга таяниб.

«Первая Группа» АЖ бош директори Алексей Порошин нашрга маълум қилишича, русча исмли шахслар учун пул ўтказмаларини амалга ошириш рад этилаётгани сабабли импортчилар учинчи шахслар орқали ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини тайёрлашга мажбур бўлмоқда. Буни «Известия»га «Импая Рус» компаниясининг тижорат директори Алексей Разумовский тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ҳатто санкцияга дучор бўлмаган русча номлар, Россия Федерацияси билан ҳар қандай алоқалар ва ҳатто кирилл алифбосидаги ёзувлар ҳам тўловни бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

«Известия»нинг Разумовскийга таяниб ёзишича, Хитой банклари «иккиламчи чекловлардан қўрқишади» ва шунинг учун «Россия бизнеси билан муносабатларда нол ишончдан фойдаланишяпти ҳамда ҳар қандай таҳдидни бартараф этишга ҳаракат қилишяпти».

Мавзуга оид