Жаҳон | 21:38 / 05.09.2024
2237
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Доминиканда Мадурога тегишли иккинчи самолётни аниқлади

Ўн нафар йўловчини ташишга мўлжалланган самолётнинг қиймати 8-11 миллион доллар атрофида. Мазкур ҳаво кемаси амалга оширган парвоз фақат бир марта рўйхатга олинган — у 2019 йил сентябрда Малтага учган.

Фото: CNN

Доминиканда Венесуэла президенти Николас Мадурога боғлиқ яна бир самолёт назоратга олинди, деб хабар беради CNN.

Бу АҚШ ҳукумати томонидан 2 сентябр куни ҳибсга олинган ҳаво кемасига ўхшаш Dassault Falcon 2000 YV3360 самолёти. У, шунингдек, Мадурога тегишли санкцияларга учраган мол-мулклар рўйхатига киритилган.

Иккала самолёт ҳам Доминиканга охирги ойларда техник хизмат кўрсатиш учун юборилган. Diario Libre нашрининг ёзишича, иккинчи самолёт Falcon 2000 нинг яхшиланган версияси ҳисобланади. Ўн нафар йўловчини ташишга мўлжалланган самолётнинг қиймати 8-11 миллион доллар атрофида. Мазкур самолёт амалга оширган парвоз фақат бир марта рўйхатга олинган — у 2019 йил сентябрда Малтага учган.

Венесуэла президентига тегишли биринчи самолёт — Dassault Falcon 900EX 2 сентябр куни Доминиканда ҳибсга олиниб, Флоридага юборилган эди. АҚШ Адлия вазирлигининг маълум қилишича, самолёт мамлакатда ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетилган. Ҳаво кемасидан Мадуронинг давлат ташрифлари давомида фойдаланилган. Венесуэла ҳукумати ҳибсга олинган самолётни «қароқчилик» деб атади ва Вашинтонни Мадуро ҳукуматига қарши тажовузни кучайтираётганликда айблади.

Июл ойида Венесуэлада президентлик сайловлари ўтказилди ва унда Мадуро қайта сайланди. АҚШ сайловлар натижасини тан олмади — Давлат департаменти сайловчиларнинг овозларини қайта ишлагани ва Миллий сайлов кенгаши томонидан эълон қилинган натижаларни Николас Мадуро назорат қилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид