Иқтисодиёт | 10:44 / 05.09.2024
1668
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академияси филиали очилади

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳамраислигида онлайн режимда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Ишчи гуруҳининг иккинчи йиғилиши ўтказилди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, Россия Ўзбекистоннинг анъанавий йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Жорий йилнинг 7 ойида товар айирбошлаш ҳажми 29,1 фоизга ўсиб, 6,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу даврда Россия Федерациясига 175 товар позицияларида экспорт ҳажмининг ўсиши кузатилди. 11,3 миллион долларлик 64 та янги товар экспорти йўлга қўйилди.

Музокаралар давомида саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Улар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги 2024-2030 йилларга мўлжалланган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича қўшма Чора-тадбирлар режаси доирасидаги лойиҳа ва келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати тўғрисида маълумот бердилар. Дастур икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадга эришишга қаратилган.

Учрашув иштирокчилари Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш ва Стратегик ташаббуслар эксперт маркази фаолияти билан ҳам танишдилар.

Музокаралар якунида ҳамкорликни кучайтириш ва икки давлат ўртасидаги савдони ривожлантиришнинг барча йўналишлари бўйича биргаликда самарали чораларни кўришда давом этишга тайёрлик билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид