Жаҳон | 10:30 / 06.09.2024
3486
2 дақиқада ўқилади

Украина Олий радаси Андрей Сибигани ТИВ раҳбари этиб тайинлади

Сибига Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Аввалроқ Украина парламенти Дмитрий Кулебанинг истеъфосини маъқуллаган эди.

Фото: AP

Украина Олий радаси 5 сентябр, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Андрей Сибигани мамлакат ташқи сиёсат идораси янги раҳбари этиб тайинланди, деб хабар берди «Овоз» фракцияси аъзоси Ярослав Железняк. Қарор 258 овоз билан қабул қилинди. Ҳеч ким бунга қарши чиқмади.

Сибига Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари лавозимида 2020 йил мартидан буён идорани бошқариб келган Дмитрий Кулеба ўрнини эгаллади. Бир кун олдин у истеъфога чиқиш ҳақида ариза берган. Кулеба ташаббуси Олий раданинг ўша йиғилишида маъқулланди - 240 парламентарий уни ёқлаб овоз берди, бири қарши чиқди, яна 45 нафари бетараф қолди.

Андрей Сибиганинг ҳаёт йўли

Украина Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари 1975 йил 1 январда Тернопил вилояти Зборов шаҳрида туғилган. Лвив давлат университетини тамомлаган, халқаро муносабатлар, ҳуқуқшунос ва инглиз тили таржимони бўйича мутахассисликларга эга.

1997 йилдан бери Сибига Украина Ташқи ишлар вазирлиги шартномавий-ҳуқуқий бўлимининг давлат-ҳуқуқий масалалар бўлимида ишлаган, 2008-2012 йилларда - Украинанинг Полшадаги элчихонасида маслаҳатчи, 2016 йилда - Туркиядаги элчи. Кейинчалик у Украина президенти девони раҳбарининг ўринбосари, бу йил эса ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари бўлди.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Кулебани ишдан бўшатиш нияти март ойида маълум бўлган эди. "Страна" нашри манбаларга таяниб, Зеленскийнинг дипломатик хизматдан, жумладан, бошқа мамлакатларда тайинланган элчилар номзодларидан норозилиги ҳақида ёзди. 3 сентябр куни Олий Рада депутати Алексей Гончаренко Кулебага «қалам ва қоғоз берилганини» айтди. Энди у Украина ва НАТО ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашни режалаштирмоқда, деди Bloomberg манбаси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид