Германия барча қуруқлик чегараларида вақтинчалик назоратни жорий қиляпти
16 сентябрдан бошлаб Германиянинг Франция, Люксембург, Нидерландия, Белгия ва Дания билан қуруқликдаги чегараларида чегара назорати жорий этилади.
Германия Ички ишлар вазирлиги Европа комиссиясини 16 сентябрдан бошлаб Германия Франция, Люксембург, Нидерландия, Белгия ва Дания билан қуруқликдаги чегараларида вақтинчалик - олти ой муддатга ички чегара назоратини жорий этиши ҳақида хабар берди. Бу ҳақда 9 сентябр, душанба куни Германия Ички ишлар вазирлиги маълум қилди. Шундай қилиб, чегара полицияси Европа ва миллий қонунчиликка мувофиқ ноқонуний муҳожирларнинг мамлакатга кириб келиши олдини олади, дея таъкидлади идора.
Украинадан келган 1,2 миллион уруш қочқинлари ва бошқа мамлакатлардан бошпана изловчиларни қабул қилиш туфайли маҳаллий ҳокимиятларнинг жойлаштириш, тайёрлаш ва интеграция қилиш имкониятлари чекланган. Ушбу чора Германия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, жумладан, терроризм ва трансчегаравий жиноятлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Германия 2024 йил декабридан кейин ҳам айрим чегараларида паспорт назоратини давом эттиради
Германия ҳукумати Полша, Чехия, Австрия ва Швейцария билан қуруқликдаги чегараларда паспорт назоратини 2024 йил декабридан кейин узайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Германия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Максимилиан Кал 6 сентябр куни Берлиндаги DW мухбирининг саволига жавобан айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер аллақачон, жумладан, яқинда Гёрлиц шаҳридаги Полша-Германия чегарасига ташрифи чоғида Германиянинг ташқи чегараларида назоратни сақлаб қолиш зарурлигини аниқ айтган.
Ички ишлар вазирлиги вакилига кўра, Германия полицияси ноқонуний миграция олдини олишда катта муваффақиятларга эришди. Хусусан, 2023 йил октябр ойидан буён Германиянинг ташқи чегараларида ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларга шерикликда гумон қилинган 1350 га яқин шахс қўлга олинди.
«Умумий Европа бошпана тақдим этишга асосланадиган сезиларли даражада мустаҳкамланган умумий Европа ташқи чегарани ҳимоя қилиш тизими жорий этилмагунча, бу чегара назорати зарур бўлиб қолиши мумкин», деди Ички ишлар вазирлиги вакили.
Бироқ у Шенген келишувида иштирок этувчи бошқа давлатлар (Франция, Белгия, Нидерландия, Люксембург ва Дания) билан чегараларда паспорт назорати жорий қилинадими, деган саволга жавоб бермади. Ички ишлар вазирлиги мавжуд вазиятга қараб қарор қабул қилади, дея қўшимча қилди Максимилиан Кал.
Германия қуруқликдаги чегараларини назорат қилиш Европа чемпионати пайтида жорий этилган
Германия футбол бўйича Европа чемпионатига мезбонлик қилган 7 июндан 19 июлга қадар унинг чегараларининг бутун периметри бўйлаб паспорт назорати жорий қилинган эди. Ўшанда турнирнинг дастлабки икки ҳафтасида чегарада қидирувда бўлган 600 га яқин шахс, шунингдек, ўнлаб футбол безорилари ва ноқонуний миграция билан боғлиқ бўлган бир юз эллик киши қўлга олинган.
Июл ойи ўрталарида Германия Ички ишлар вазирлиги вакили Корнелиус Функе Дания, Нидерландия, Белгия, Люксембург ва Франция билан чегараларда чегара назорати бекор қилинишини, бироқ Полша, Чехия, Швейцария ва Австрия билан сақланиб қолишини билдирди.
Мавзуга оид
17:52 / 04.12.2024
Тожикистон ва Қирғизистон умумий давлат чегарасини делимитация қилишни якунлади
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
14:41 / 04.12.2024
Ўзбекистон Германияда меҳнат миграцияси бўйича ваколатхона очади
10:50 / 04.12.2024