Жаҳон | 21:41 / 10.09.2024
11050
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ўз фуқароларига Россияга сафар қилмасликни тавсия этди

Расмийлар буни Россияда хорижий фуқароларнинг давлат чегараси орқали кириб келиши устидан кучайтирилган назорат режими давом этаётгани билан изоҳлади.

Фото: РИА Новости

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларига Россияга сафар қилишдан вақтинча тийилишни тавсия этди.

«Россия Федерацияси ҳудудидаги қуруқлик ва ҳаво ўтказиш пунктларида хорижий фуқароларнинг давлат чегараси орқали кириб келиши устидан кучайтирилган назорат режими давом этаётганлигини ҳисобга олиб, Тожикистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси Тожикистон Республикаси фуқароларига вақтинчалик Россия Федерациясига саёҳат қилишдан тийилишни тавсия этади», дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 апрел куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Россия чегарасида «чегарадан ўтаётган шахсларнинг фуқаролигидан қатъи назар» амалга ошириладиган «текширув тадбирларини» эълон қилган эди. Ушбу тадбирлар Москвадаги «крокус Сити Холл» концерт залида содир бўлган террорчилик ҳаракатидан кейин кучайтирилди.

Аввалроқ, Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам Россия Федерациясига бориш учун узрли сабаблари бўлмаган ўз фуқароларига «сафар қилишдан вақтинча тийилиш»ни тавсия этган эди.

Мавзуга оид