Жаҳон | 09:30 / 11.09.2024
4972
2 дақиқада ўқилади

Россияда СССРдаги репрессия қурбонлари реабилитацияси қайта кўриб чиқилади

Россия Федерацияси Бош прокуратураси оғир жиноятлар ҳамда тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланган шахсларни реабилитация қилишни тақиқловчи буйруғини эълон қилди. 1991 йилги қонун бу шахсларни реабилитация қилишни назарда тутмаган.

Фото: ТАСС

Россия Федерацияси Бош прокуратураси совет сиёсий қатағонлари қурбонларини реабилитация қилиш бўйича қарорларни қайта кўриб чиқади. 9 сентябр куни расмий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинган буйруқ лойиҳасида «оғир ва ўта оғир жиноятлар, ҳарбий жиноятлар, тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айбдор шахсларни реабилитация қилиш ва оқлаш» тақиқланиши айтилган. 20 июн куни Россия ҳукумати томонидан сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича давлат сиёсати концепциясига ўзгартиришлар киритилганди.

Шундай қилиб: Россия ҳукумати совет давридаги оммавий қатағонлар, диний ва «синфий бегона» сабабларга кўра таъқиблар, мажбурий коллективлаштириш ва сунъий равишда яратилган очарчилик, шунингдек, миллионлаб ГУЛаг маҳбуслари ва депортация қилинган халқларга ҳаволаларни ўз ичига олган бир қатор ибораларни концепцияда чиқариб ташлади, деб эслатади The Moscow Times нашри.

Буйруқ лойиҳаси бош прокурор Игор Краснов томонидан «нацистларнинг ҳамкорлари ва ватанга хоинларнинг оқланишига йўл қўймаслик» мақсадида тайёрланган. Лойиҳада тегишли экспертиза қандай ўтказилиши белгиланмаган.

Вишневский эҳтимолий сиёсий сабабларни айтди

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бош прокуратуранинг режаларини танқид қилиб, 1991 йилда қабул қилинган «Сиёсий террор қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида»ги қонунда идора буйруғида кўрсатилган жиноятлар учун судланган шахсларни реабилитация қилиш тақиқланганини таъкидладилар.

Санкт-Петербург Қонунчилик мажлиси депутати ва публицист Борис Вишневский реабилитация тўғрисидаги қарорларни қайта кўриб чиқиш сиёсий сабабларга кўра содир бўлаётганидан хавотирда. «Реабилитация тўғрисидаги қарорларнинг бекор қилиниши, асосан, қонунга хилоф равишда реабилитация қилинганларга эмас, балки ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, қайта айбдор деб эълон қилиниши керак бўлганларга, шу жумладан Украина, Болтиқбўйи ва бошқаларга таъсир қилиши мумкин», деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид