Жаҳон | 13:19 / 12.09.2024
1321
3 дақиқада ўқилади

Лондон Киевга ёрдам мақсадида яна 600 млн фунт ажратмоқда

Британия Киевга 242 миллион фунт стерлингни гуманитар эҳтиёжлар учун ҳамда Жаҳон банкининг Украинага кредитлари учун 484 миллион фунтни кафолат кўринишида беради.

Фото: Getty Images

Британия Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага қўшимча 600 миллион фунт стерлинг (783 миллион евро) ёрдам беради. Бу ҳақда 11 сентябр, чоршанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан бирга Киевга келган Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми маълум қилди.

«Бугун мен Украинага шошилинч гуманитар, энергетика ва барқарорлик эҳтиёжлари учун 600 миллиондан ортиқ, шу жумладан жорий молиявий йилда 242 миллион фунт стерлинг (316 миллион евро) миқдорида ёрдам кўрсатилишини тасдиқлашим мумкин. Ислоҳот, тикланишни қўллаб-қувватлаш учун биз шу йил охирида Жаҳон банкидан 484 миллион доллар (440 миллион евро) миқдорида кредит кафолатларини тақдим этиш ниятимизни тасдиқлаймиз», дейилади Украина, АҚШ ва Британия ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари - Андрей Сибига, Энтони Блинкен ва Дэвид Лэмми томонидан АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати томонидан тарқатилган қўшма матбуот анжуманидаги нутқ стенограммасида.

«Британия ҳарбий етказиб беришни тезлаштирмоқда: зенит ракеталари, F-16 қирувчи самолётлари учун жиҳозлар, AS-90 ўзиюрар артиллерия мосламалари ва захира милтиқлар, ҳарбий катерлар ҳамда денгиз қуроллари етказиб берилди. Шу йили биз Украинага яна юзлаб қўшимча зенит ракеталарини, ўн минглаб қўшимча артиллерия ўқ-дориларини ва яна зирҳли техникаларни жўнатамиз», — деди Лэмми.

Илгари Британия Украинага ҳарбий ёрдам учун йилига 3 миллиард фунт стерлинг (3,9 миллиард евро)ни «зарур бўлганда» бериш мажбуриятини олган эди. «Қўшма Штатлар билан бирга биз зарур бўлгунча Украина томонида бўламиз», - деди Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. 

Блинкен: АҚШ Киевга 717 млн долларлик гуманитар ёрдам ажратади 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украинага умумий қиймати 717 миллион доллар (635 миллион евро) миқдорида гуманитар ёрдам ажратилишини маълум қилди. Америка дипломатияси раҳбари ва унинг британиялик ҳамкасби Дэвид Лэмми 11 сентябр, чоршанба куни Киевга ташриф буюрди. 

Гуманитар ёрдам - миллионлаб украиналикларни асосий хизматлар, хусусан, озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармонлар билан таъминлаш учун - 290 миллион доллар ажратилади. Яна 325 миллион доллар Украинанинг энергетика ва электр тармоқларини тиклашга мўлжалланган. Бундан ташқари, Киев «Россия бутун Украина бўйлаб қолдирган» миналар ва ўқ-дориларни тозалаш учун 102 миллион доллар олади», деб қўшимча қилди Блинкен.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид