Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия қўшини Курск областида қарши ҳужумга ўтди
Россия ва Украинадаги манбалар рус қўшинлари Курск областида бир қанча аҳоли пунктларини қайтариб олгани ҳақида ёзмоқда.
Россия қисмлари Коренево районида олдинга силжиётгани ҳақида украинларнинг Deep State ҳарбий портали хабар берди. Портал телеграм-каналида Россиянинг зирҳли техникалари колонналари Снагост қишлоғига бостириб келаётгани акс этган кадрлар эълон қилинган — бу Украина қуролли кучларининг мазкур йўналишдаги муҳим таянч пункти саналади. Бу кадрларда камида саккизта танк ва зирҳли машиналар кўринган.
Deep State маълумотига кўра, россияликлар «фаол штурм ҳаракатларини бошлаб, зирҳли техникалар билан аввалига Сейм дарёсидан ўтган, кейин эса бошқа кичикроқ дарёлардан ҳам».
Америкалик ҳарбий эксперт Роб Ли ҳам Снагост қишлоғидаги жанглар ҳақида ёзган. Унинг маълумотига кўра, ҳужум, катта эҳтимол билан, Коренево томондан амалга оширилан. «Украин ҳарбийларининг кўприкларга зарбаларига қарамай, Россия зирҳли техникаларини Сейм дарёси орқали ўтказа олди», — дея ёзган у.
Z-каналлар Россия армияси шарқ томон тезлик билан ҳаракатланиб, Коренево районида 150 км кв майдонда саккизта қишлоқни озод этишга муваффақ бўлганини ёзмоқда. Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Rybar» ва «Два майора» телеграм-каналларига кўра, Россия армияси Гордеевка ва Внезапное қишлоқларини эгаллаб олган. Ушбу аҳоли яшаш манзиллари Украина чегарасидан 4-6 км узоқликда жойлашган бўлиб, август ойи ўрталаридан бери Украина қуролли кучлари назоратида эди.
«Записки ветерана» телеграм-канали 9-10 сентябрдаги жангларда рус қўшинлари Украина қуролли кучларини Курск областидаги тўққизта аҳоли пунктидан сиқиб чиқаргани ҳақида ёзади. Россия манбаларининг таъкидлашича, рус қўшинлари август ойидаги ҳужум пайтида Украина қуролли кучлари томонидан босиб олинган Коренево яқинидаги яна бир қанча қишлоқлар ҳудудида олдинга силжиган. Гап Бяхово, Снагост ва Апанасовка ҳақида кетяпти.
«Ахмат» махсус кучлари командири, генерал майор Апти Алаудинов «РИА Новости»га «ўнга яқин аҳоли пункти аллақачон тозаланиб, Россия қўшинлари томонидан назоратга олинган»ини айтган.
Украина ҳозирча Россия армияси Курск областида қарши ҳужум бошлагани ва олдинга юраётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирмади.
Агар Украина қуролли кучлари Снагост қишлоғини бой бергани ҳақидаги маълумот тасдиқланса, бу Россия қўшини Глушково районида чегара ва Сейм дарёси оралиғида қолиб кетган йирик гуруҳини қутқариб қолганини англатади.
Олдинги кунлардаги ҳарбий ҳаракатлар табиатига кўра, украин армияси чегаранинг 70 км масофадаги участкасини қўриқлаш учун жойлаштирилган Россия бўлинмалари учун қуршов хавфини юзага келтириш ҳамда уларни шимолга, Сейм дарёси ортига чекинишга мажбур қилишни кўзлаётганди.
Дарё орқали ўтган барча уч кўприк ишдан чиқарилган, уларнинг ўрнига ўрнатилган понтон кечув йўлларига ракета зарбалари йўлланаётганди.

Агар Украина қуролли кучлари шимолдаги район марказларидан ҳеч бўлмаса биттасини — Глушково ёки Кореневони ўз назоратига ололганида — ушбу ҳудуддаги рус қўшини қуршовда қолиши реалликка айланарди, аммо украинларнинг ушбу аҳоли яшаш манзилларига қилган ҳужумлари муваффақият келтирмади ва жанглар позицион характер тус олди.
Шу билан бирга, Россия томони ўз қисмларини чегарадан олиб кетиш ўрнига уларни кучайтириш билан банд бўлди.
Таянч пунктлари бой берилиши Украина қуролли кучларининг чап қанотидаги вазиятни мураккаблаштиради. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Россия армияси мазкур участкага Тинч океани флоти 155-бригадаси кучлари ҳамда Ҳаво-десант қўшинларин бўлинмаларини ташлаган.
Катта эҳтимол билан, кейинги зарба йўналиши Рилск-Суджа трассасидаги Любимовка ва Новоивановка қишлоқлари бўлади, агар ушбу ҳудудларни ҳам бой берса, Украина қуролли кучлари Кореново яқинидаги илғор бўлинмаларини хавф остида қолдиради.
Мавзуга оид
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20 / 11.06.2026
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
16:47 / 10.06.2026