Венгрия Еврокомиссияга қарши даъво аризасини киритиши мумкин
Венгрия ҳукумати ЕИнинг ташқи чегараларини қўриқлашга сарфланган қарийб 2 миллиард еврони ундириш мақсадида Еврокомиссияга қарши даъво киритиш ниятида эканини маълум қилди.
Венгрия ҳукумати ЕИнинг ташқи чегараларини қўриқлашга сарфланган қарийб 2 миллиард еврони ундириш мақсадида Еврокомиссияга қарши даъво киритиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири администрацияси раҳбари Гергей Гуйяш маълум қилди.
«Биз Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатларнинг шенген чегарасини қўриқлаш бўйича харажатларини қисман ёки тўлиқ қоплаб берган Еврокомиссияга қарши даъво киритишга тайёрмиз. Венгрия сўнгги йилларда шенген чегарасини қўриқлашга 2 миллиард сарфлаб, ЕИ томонидан деярли ҳеч қанақа ёрдам олмади», — дейди Гуйяш.
Унинг сўзларига кўра, Германия томонидан 9 сентябр куни давлат чегараларида қўшимча назоратни ўрнатиш бўйича қабул қилинган қарор ЕИ ичида эркин ҳаракатланишга тўсқинлик қилади.
«Аввалига улар Евроиттифоқ давлатларига ташқи чегараларни самарали ҳимоялашга рухсат бермасдан, зарар келтирди. Энди эса иттифоқни парчалаб, ички чегараларга чекловлар жорий этмоқда», — дея қўшимча қилади администрация раҳбари.
Олдинроқ Гергей Гуйяш Европа судининг июн ойида Венгрияга нисбатан 200 миллион евро жарима қўллаш борасидаги қарорини танқид қилганди. Мамлакат ЕИнинг бошпана тақдим этиш борасидаги қоидаларини мунтазам бузиб келган. Шунингдек, Венгрия ўз сиёсатини Евроиттифоқ қонунчилигига мосламаган ҳар бир куни учун қўшимча 1 миллион евродан жарима тўлайди.
Мавзуга оид
17:52
Тожикистон ва Қирғизистон умумий давлат чегарасини делимитация қилишни якунлади
22:22 / 02.12.2024
Европа Иттифоқи ноқонуний мигрантларни депортация қилиш қоидаларини кучайтиради
15:45 / 02.12.2024
Электромобиллар қанча вақтда ўз қийматини йўқотади?
12:31 / 29.11.2024