Жаҳон | 00:25 / 12.09.2024
4210
2 дақиқада ўқилади

Ветнамда «Яги» супертайфуни оқибатида 300 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди

«Яги» супертайфуни мамлакатда охирги 30 йилдан кузатилган энг кучли табиий офат ҳисобланади. У кўплаб бинолар, инфратузилма объектларини вайрон қилди.

Фото: Reuters

Ветнамнинг шимолий қисмига ёпирилган «Яги» супертайфуни натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида камида 324 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди, деб хабар беради мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Табиий офатларнинг олдини олиш департаменти.

Маълумотларга кўра, шимолий провинцияларда юз берган қатор кўчки ва сув тошқинлари оқибатида 179 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, яна 145 киши бедарак йўқолганлар сафида.

Ветнам Табиий офатлар ва қидирув-қутқарув ишлари бўйича миллий қўмитанинг қайд этишича, «Яги» супертайфуни мамлакатда охирги 30 йилдан кузатилган энг кучли табиий офат ҳисобланади. У кўплаб бинолар, инфратузилма объектларини вайрон қилди, қишлоқ хўжалиги майдонларига сезиларли даражада зарар етказди.

Ветнам бош вазири Фам Мин Чин вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларини жабрланган ҳудудлардаги турмуш тарзини тезда тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга чақирди. «Инсонлар ҳаёти ва соғлиғини биринчи ўринга қўйиш керак, бунинг учун бутун сиёсий тизимни жалб қилиш, сув тошқинлари ва кўчкиларга қарши барча чораларни кўриш зарур», — дейди ҳукумат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, сув тошқини туфайли ташқи дунёдан ажраб қолган аҳоли пунктларига ҳар қандай ҳолатда ҳам озиқ-овқат, чучук сув ва дори-дармон етказиб бериш керак. Чин, шунингдек, ваколатли органларни тўғон ва сув омборлари, кўчки ва сув тошқинлари хавфи бўлган ҳудудлардаги вазиятни диққат билан кузатишга, аҳолини эҳтимолий хавфли ҳудудлардан хавфсиз жойларга эвакуация қилишни тезлаштиришга чақирди.

Аввалроқ Ветнам бош вазири ўринбосари Хо Дик Фок «Яги» супертайфуни ёпирилиши оқибатида мамлакат шимолидаги серқатнов кўприк қулаб тушганини маълум қилганди.

Мавзуга оид