Жаҳон | 21:59 / 13.09.2024
8970
1 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбекистонлик ишчи 26-қаватдан қулаб, ҳалок бўлди

49 ёшли эркак Екатеринбург шаҳридаги қурилиш майдончасида бахтсиз ҳодисага учраган.

Фото: E1.RU

Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги қурилиш майдончасида ўзбекистонлик ишчи ҳалок бўлди.

Ҳодиса Молодогвардейцев ва Панфиловцев кўчалари чорраҳасидаги объектда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 49 ёшли ишчи 26-қаватда бўлганида фасад кўтаргичи («бешик») троси узилиб кетган, оқибатда у пастга қулаган. Жабрланувчини қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган.

E1 нашрининг ёзишича, ҳалок бўлган эркак – 1975 йилда туғилган Шокирбек Хусамов. Унинг ёнида шериги ҳам бўлган, бироқ у трос узилган пайтда «бешик» чеккасига осилишга улгурган ва 25-қаватдаги деразадан бино ичига кириб олган.

Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жараён прокуратура назорати остидалиги таъкидланмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қурилиш майдончасида хавфсизлик қоидалари бузилганини истисно қилмаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид