Жаҳон | 18:37 / 14.09.2024
3758
3 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилдаги босқин: борган сари кўпроқ фаластинлик ҳайдаб чиқарилмоқда

Халқаро ҳамжамиятнинг эътибори кўпроқ Ғазога қаратилган бир вақтда, кўчманчи яҳудийлар Ғарбий соҳилни ноқонуний эгаллашда давом этмоқда. Суриштирувларга кўра, фаластинликларни ерларидан қувиб чиқариш ўтган йилнинг 7 октябридан кейин тезлашган. Kun.uz студиясида – Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромов шарҳи.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳили, гарчи медиадаги аксарият хариталарда 1967 йилги чегаралар асосида кўрсатилса-да, аслида бундай яхлитликка эга эмас.

90-йиллардаги Осло келишувлари асосида, Ғарбий соҳилдаги ҳудудлар бошқаруви бўйича уч гуруҳга бўлинган:

  • А ҳудуд: Фаластин миллий маъмуриятининг тўлиқ фуқаролик ва хавфсизлик назоратида (асосан йирик шаҳарлар);
  • Б ҳудуд: Фаластин миллий маъмурияти фуқаролик ишлари бўйича назоратни амалга оширади, хавфсизлик масалаларида Исроил ва Фаластин қўшма назорат олиб боради;
  • С ҳудуд: тўлиқлигича Исроил назоратидаги ҳудудлар.

Ғарбий соҳилнинг катта қисми (60 фоиз) айнан С ҳудудга тўғри келади. Бу ҳудудларда яҳудий қишлоқлари ва ҳарбий постлар жойлашган.

Яҳудий жамоаларининг фаластинликлар яшаётган Ғарбий соҳил ерларини эгаллаб олиши узоқ йиллардан бери давом этиб келади. BBC ва “Ал-Жазира” каби халқаро медиалар олиб борган суриштирувларга кўра, ўтган йилнинг 7 октябридан кейин бу жараён тезлашган.

“Исроил ҳукумати Ғарбий соҳил билан чегарадаги 8 метрлик деворни аввалига ўз ҳудудида қуришини таъкидлаган, лекин амалда, девор қуриб битказилиган кейин унинг 85 фоизи Ғарбий соҳил ҳудудида қурилганини кўриш мумкин. Секинлик билан Иордания ва Ливан ҳудудларига қараб силжиш ҳам режалаштирилган. Исроил Ғазо билан бутун дунёжамиятини чалғитиш ва Ғарбий соҳилни эгаллашни режалаштирган. Бу билан Фаластин давлати тузилишига йўл қўймаслик ва чегараларни Иордания, Ливанга яқинлаштириш мақсад қилинган”, дейди Шавкат Икромов.

Ғазодаги уруш Ғарбий соҳилга ўтиши эҳтимоли қанчалик мавжуд? Таҳлилчининг сўзларига кўра, агар Исроил Ғарбий соҳилга кенг кўламли армия киритса, у ерда халқаро тан олинган Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин ҳукуматининг қаршилигига учрайди. Бу эса АҚШ, Европа сингари давлатларнинг риторик баёнотлари эмас, амалий санкцияларига сабаб бўлиши мумкин.

“Шундай бўлса-да, Исроилнинг ҳозиргача бўлган жиноий протоколлари ҳам кўпайиб бормоқда ва бу вазиятни анча чигаллаштиради. Исроил халқаро босимдан қочиш учун ҳам Ғарбий соҳилни кўчманчилар қўли билан эгаллашни тобора кучайтирмоқда. Бир неча кун олдин Рамаллоҳдаги тўқнашувда америкалик ўсмирнинг ўлими шов-шувларга сабаб бўлди. Ваҳоланки, бир йил ичида 40 минг фаластинлик ҳалок бўлганди”, дейди Икромов.

НормуҳаммадАли суҳбатлашди.

Мавзуга оид