«Ҳизбуллоҳ» Исроил шимоли ўққа тутилгани учун жавобгарликни ўз зиммасига олди
ЦАҲАЛ маълум қилишича, Ливандан Исроилга 40 га яқин ракета учирилган. «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига кўра, зарбалар нишони ҳарбий база бўлган.
Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Исроил шимолига отилган ўнлаб ракеталар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Унга кўра, нишон ҳарбий базалардан бири бўлган, деб хабар берди dpa агентлиги 15 сентябр, якшанба куни.
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ), ўз навбатида, Ливандан мамлакатга 40 га яқин ракета учирилганини маълум қилди. Баъзилари ракетага қарши мудофаа тизимлари томонидан тутилган, бошқалари эса очиқ жойларда қулаган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Ўт ўчирувчилар ҳужумлар натижасида юзага келган ёнғинларни ўчиришди.
Бундан ташқари, портловчи моддаларни олиб учган дрон Ливандан Исроил чегарасини кесиб ўтган. У мамлакат шимолида Юқори Жалиладаги Метула шаҳри яқинида қулаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Ливандаги нишонларга зарба
ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, тунда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ва артиллерияси Ливандаги нишонларга зарба берган. Баёнотда айтилишича, «террорчилар ячейкаси» мўлжалга олинган.
14 сентябр куни кечқурун Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг мамлакат шимоли-шарқида уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида тўрт киши, жумладан, уч нафар бола яралангани ҳақида хабар берди.
Айни пайтда, Яманнинг ҳусийчи исёнчилари Тел-Авив яқинидаги Исроилнинг Яффа шаҳридаги ҳарбий нишонга зарба бериш учун янги гипертовушли баллистик ракетадан фойдаланганликларини айтишди.
Яқин Шарқдаги кескинлашув
2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
10:45
Ливан: Исроилнинг UNIFIL ва Ливан армияси ҳарбийларига ҳужумлари уруш жиноятлари ҳисобланади
17:40 / 08.11.2024
«Маккаби» мухлислари Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб, тартибсизлик келтириб чиқаришди ва сўнг таксичилар тақибига учрашди
17:32 / 08.11.2024
Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда
14:13 / 08.11.2024