Жаҳон | 10:40 / 18.09.2024
6804
2 дақиқада ўқилади

CNN: АҚШ захиралар камайиши туфайли Украинага ёрдамни қисқартирди

Пентагон барча зарур ёрдам Киевга ўтказилса, АҚШнинг ўзида ҳам мудофаа қобилияти хавф остида қолишидан хавотирда, деб ёзади CNN.

Фото: Andriy Andriyenko/SOPA Images/Sipa USA/AP

Сўнгги ойларда Пентагон захиралари камайиб бораётгани сабабли, АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдам пакетлари қисқарди. Бу ҳақда CNN 17 сентябр, сешанба куни америкалик расмийларга таяниб хабар берди. Бундан ташқари, Вашингтон Киевга барча зарур ёрдам ўтказилса, Қўшма Штатларнинг ўзида мудофаа қобилияти хавф остида қолишидан хавотирда, дейди CNN суҳбатдошлари.

Хусусан, бундай хавотирлар туфайли Пентагон Конгрессдан Украинани қуроллантириш ва жиҳозлаш учун кўзда тутилган 6 миллиард долларни амалга оширишда кўпроқ вақт беришни сўради – агар сентябр ойи охиригача фойдаланилмаса, бу маблағларни ишлатиш тақиқланиши мумкин. Бу президент Жо Байден маъмурияти Конгрессдан Украинани Россиядан мудофаа қилиш учун қўшимча маблағ ажратишни тезда тасдиқлашни сўраган ўтган йилга нисбатан кескин ўзгаришдир.

CNN таъкидлаганидек, апрел ойидан бери Киевга ҳарбий ёрдам пакетлари 400 миллион доллардан ошмаган ва бу пакетларнинг аксарияти нархи 125-250 миллион доллар оралиғида бўлган. Ёрдамнинг камайиши, шунингдек, Украина қуролли кучларини бир вақтнинг ўзида таъминлаш ва Пентагон захираларини тўлдириш учун етарли бўлмаган ишлаб чиқариш тезлиги билан боғлиқ. Бу, айниқса, 155 мм артиллерия снарядлари ва Patriot зенит-ракета тизимларига тааллуқли, деди манбалар телеканалга.

Шундай қилиб, Россия Федерацияси ва Украина ўртасида тўлиқ миқёсли уруш бошланишидан олдин, Қўшма Штатлар ҳар ойда тахминан 15 000 та 155 мм снаряд ишлаб чиқарган. Энди Қўшма Штатларда янги фабрикалар ва ишлаб чиқариш линиялари очилиши билан ойига 40 000 та снаряд ишлаб чиқарилади. Бироқ, Пентагонга ойига 100 000 та снаряд ишлаб чиқариш мақсадига эришиш учун ҳали бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлади. Ишлаб чиқаришни кўпайтириш жараёни режа бўйича кетмоқда, аммо бу йиллар давом этади ва янги қувватлар, заводларни кенгайтириш ҳамда Конгресснинг пул ажратиш истагини талаб қилади, дея тушунтирди CNN суҳбатдошлари.

Мавзуга оид