Жаҳон | 21:09 / 19.09.2024
2362
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги кимё заводида юз берган ёнғинни тўрт кундан бери ўчириб бўлмаяпти

АҚШнинг Техас штатида жойлашган кимё заводидаги газ қувурида 16 сентябр куни бошланган ёнғин ҳамон ўчирилмади.

Фото: AP

АҚШнинг Техас штатида жойлашган кимё заводидаги газ қувурида 16 сентябр куни бошланган ёнғин ҳамон ўчирилмади.

The Guardian’нинг маҳаллий ҳукуматга таяниб ёзишича, 16 сентябр тонгида Ла-Порт шаҳридаги заводда ёнғин юз берган, минглаб уйлар электр таъминотисиз қолган, ҳодиса юз берган ҳудуд яқинида яшовчи аҳоли эвакуация қилинган.

Telegram’даги «Геоэнергетика ИНФО» канали маълумотларига кўра, кимё заводида юз берган портлашдан кейин бошланган ёнғинни тўрт кундан бери ўчиришнинг имкони бўлмаяпти.

«Афтидан, газ узатишни тўхтатишнинг имкони бўлмаган. Energy Transfer газ қувури оператори бригадаси ва маҳаллий коммунал хизматлар ҳудудни изоляция қилиш билан банд», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, портлаш йўлтанламас автомобили газ тақсимловчи пункт билан тўқнашиб кетганидан сўнг юзага келган ва ёнғин бошланган. Ҳайдовчи ҳалок бўлгани, машинанинг олдига ҳеч ким яқинлаша олмаётгани айтилмоқда. Ҳудуддаги мингдан ортиқ уйда истиқомат қилувчи фуқаролар эвакуация қилинган.

«Кўплаб нефтни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, минглаб километр узунликдаги қувурлар жойлашган Хюстонда портлашлар ва ёнғинлар тез-тез содир бўлиб туради. Уларнинг аксариятида ўлим ҳолатлари ҳам кузатилади», — дея таъкидланади хабарда.

Мавзуга оид