Иқтисодиёт | 22:35 / 20.09.2024
2691
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистон ва Полша ишбилармон аёллари бизнес-форуми бошланди

Тадбир Ўзбекистон ва Полша ўртасида давом этаётган ҳамкорлик ҳафталиги доирасида бўлиб ўтмоқда.

Фото: dunyo.info

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Ўзбекистон-Полша ишбилармон аёллари бизнес-форуми бошланди.

Онлайн ва офлайн форматда ўтказилаётган форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик, идора ва ташкилотлар масъул ходимлари, халқаро ташкилотлар, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, олимлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосарлари, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари ва бошқалар иштирок этмоқда.

Полша делегациясига Полша Маданият ва миллий мерос вазирлиги давлат котиби Божена Желазовска, Полша Аёллар лигаси ассоциацияси раиси Алдона Михаляк ва Полша Аёллар лигаси ассоциацияси раисининг ўринбосари Силвия Ружитска бошчилик қилмоқда.

Форумни Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева кириш сўзи билан очди.

Тадбир Ўзбекистон ва Полша ўртасида давом этаётган ҳамкорлик ҳафталиги доирасида бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, ҳафталик доирасида Хоразм вилоятида Ўзбекистон-Полша қўшма бизнес-форуми, Тошкент ва Урганчда машҳур полшалик хонанда Анна Германнинг Ўзбекистонда яратилган қўшиқларидан иборат «Муҳаббат садоси» концерт дастури, Ўзбекистон ва Полша тарихчилар комиссиясининг йиғилиши, шунингдек, қатор учрашув ва музокаралар ўтказилади.

Мавзуга оид